Ўзбекистон | 07:58 / 17.06.2022
14216
2 дақиқада ўқилади

Ангрен шакар заводи директори шакар нархи бўйича изоҳ берди

Сўнгги кунларда мамлакатда шакар нархи сезиларли даражада кўтарилди. Бу бозорларда, турли савдо нуқталарида ушбу маҳсулотга узундан-узун навбатлар ҳосил бўлишига олиб келди.

Фото: yuz.uz

“Янги Ўзбекистон” нашри ушбу саволга республикадаги йирик шакар ишлаб чиқарувчи субъектлар бири — “Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган пресс-тур давомида жавоб олишга ҳаракат қилди.

— Бу бизга боғлиқ бўлмаган ҳолат, — дейди жамият бош директори Рустам Акбархўжаев.  — Яъни шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар таъсир кўрсатди. Айни пайтда мазкур масалалар ҳал этилган.

Қайд этилишича, ҳозирги пайтда аҳолининг шакарга бўлган талабини янада қондириш мақсадида “Ангрен шакар” МЧЖ бир суткада 1100 тонна шакар ишлаб чиқаряпти. Аслида корхона йилига 300 минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона ортиқча қувват билан ишлаётгани боис, ҳар ойда 30 минг тоннадан ортиқ шакар ишлаб чиқаряпти. Бу йилига 360 минг тонна дегани.  

“Корхона ўз қувватидан ҳам юқори ҳолатда ишлаяпти. Демакки, аҳолининг ортиқча хавотир олишига асос йўқ. “Ангрен шакар” корхонаси ортиқча имкониятларни ишга солган ҳолда, аҳолини узлуксиз шакар маҳсулоти билан таъминлаяпти. Бунинг учун омборларда хомашё ва тайёр шакар аҳолига етарли даражада”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид