Қашқадарёда Россия армиясига ёлланган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, 38 ёшли А.Н. 2022 йил декабр ойида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга борган. У аввалига Санкт-Петербург шаҳридаги қурилишларда ишлаб юрган. Сўнг Москва шаҳрига борган.
А.Н. Москвада Telegram орқали Суҳроб исмли шахс билан танишган ва унинг буюртмасига асосан психотроп моддаларни геолокация бўйича етказиб бериш билан шуғулланган. 2023 йил 14 январ куни Суҳроб унга 20 дона психотроп таблетка турган жой геолокациясини ташлаган ва уларни Бунёд исмли шахсга олиб бориб беришни айтган. А.Н. шу куни топшириқни бажариш чоғида қўлга олинган.
Шу тариқа, у наркожиноятда айбланган ҳамда суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жазони Томбов шаҳрида жойлашган 5-сонли жазони ижро этиш колониясида ўтай бошлаган.
Жазони ўташ даврида унга Украинага қарши урушда қатнашишни таклиф қилишган. А.Н. колониядаги азобларга чидамай, шартномага имзо қўйишга мажбур бўлганини айтган.
“Колония ходимлари азоб бериб, ҳеч бир сабабсиз карцерга қамаб қўйишар, кечалари ухлатмасдан Украинага қарши урушда Россия тарафини олиб иштирок этишга мажбурлашарди. Бундан ташқари, атайлаб чўчқа гўшти ва ёғидан тайёрланган таомларни беришарди. Ушбу азобларга чидай олмасдан 2025 йил сентябр ойида шартномага имзо қўйдим”, деган А.Н. ўз кўрсатмасида.
Шундан сўнг уни колониядан дала ўқув машғулотлари ўтказиладиган жойга олиб боришган. У 30 кун давомида ҳарбий машғулотларда қатнашган. 2025 йил октябр ойи охирида эса бир неча киши билан полигондан қочиб, Москва шаҳрига борган.
А.Н. Ўзбекистонга қайтиб келиш учун элчихонага мурожаат қилган. Элчихона ходимлари 7 кундан сўнг ватанга қайтиш гувоҳномаси тайёр бўлишини айтган. Аммо А.Н. 7 кун кутмасдан танишлари орқали қалбаки ватанга қайтиш гувоҳномаси тайёрлатган. 2025 йил 11 ноябр куни Новосибирск шаҳридаги аэропортда унинг ватанга қайтиш гувоҳномаси қалбаки экани аниқланган. Сўнгра 2026 йил 25 майга қадар Новосибирск шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган.
“2025 йил 11 ноябрдан 2026 йил 25 майга қадар мени тергов қилишди. Урушда ўлиб кетади, дея бирор ҳужжат расмийлаштирмасдан жазони ижро этиш колониясидан полигонга юборишгани сабабли қамалганим ва урушга юборилганим бўйича ҳужжатлар аниқланмади. Сўнгра депорт қилиб, Ўзбекистонга чиқариб юборишди. Урушда қатнашиш учун полигонга мажбурий юборилган 64 нафар ўзбек йигитларидан фақат уч киши қочиб тирик қолдик, қолганларнинг барчаси ўлиб кетди”








