1979 йил декабрида СССР Қуролли кучлари «дўстона халққа ёрдам» шиори остида Афғонистон чегарасини кесиб ўтади. Миллионлаб тинч аҳоли ва минглаб жангчилар ёстиғини қуритган уруш бошланади. Совет ҳукумати Афғонистондаги махфий ҳарбий операцияларда ўзбеклар, тожиклар ва туркманлардан ташкил топган рота жангчиларидан фойдаланган. Қуйидаги мақолада «мусулмон батальонлари» номини олган ушбу жанговар тузилмаларнинг ташкил этилиш тарихи, мақсади ва тақдири ҳақидаги маълумотлар келтирилади.

Совет жангчилари Афғонистонда (фото: chayka.org)

«Мусулмон батальонлари» - СССР Қуролли кучлари бош штаби, бош разведка бошқармасига тегишли махсус отрядларнинг шартли номи, совет қўшинларининг Афғонистонга киришига тайёргарлик жараёнида, шунингдек, урушнинг дастлабки даврида ташкил этилган, ислом динига мансуб деб қаралган миллатлар ҳарбий хизматчилардан иборат қўшиндир.

Ушбу тузилмаларнинг расмий номи «махсус кучларнинг алоҳида отряди» бўлиб, уруш даври ҳолатига кўра жойлаштирилган ва ҳарбий қисм мақомига эга бўлган алоҳида батальонни англатади. «Мусулмон батальони» атамаси норасмий бўлиб, уни ким биринчи бўлиб қўллагани ҳақида ишончли маълумот йўқ.

«Мусулмон батальонлари» ташкил этилишининг асосий сабаби – Афғонистоннинг туб аҳолиси қиёфасидаги ҳарбийларни жамлаш, бу билан душманни чалғитиш бўлган.

Совет жангчилари маҳаллий афғон ҳарбийлари билан (фото: Sputnik)

Биринчи «мусулмон батальони»

Махсус кучларнинг алоҳида 154-отряди (ёки биринчи «мусулмон батальони») 1979 йил ёзида СССР Қуролли кучлари бош штаби буйруғи асосида, махфий тарзда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида жойлашган Туркистон ҳарбий округининг 15-бригадаси негизида ташкил этилган.

Батальон шахсий таркиби 532 жангчидан иборат бўлиб, фақат уч миллат вакиллари – ўзбеклар, туркманлар ва тожиклардан иборат бўлган. Аскарлар ГРУ (Давлат разведка бошқармаси) махсус кучларининг ҳаво-десант қўшинлари ва махсус бўлинмаларидан танлаб олинган.

«Мусулмон батальони» таркиби 3 та разведка ротаси, муҳандислик-сапёрлик ротаси, зенит-артиллерия гуруҳи, ўт очиш ёрдамчи ротаси ва автотранспорт ротаси бўлган. Бу билан унинг автономлиги ва жанговар қудрати юқори даражага етказилган. Шу жиҳати билан бошқа батальонлардан ажралиб турган.