Совуқ уруш «меваси»
Иккинчи жаҳон урушидан кўп ўтмай, дунё сиёсий саҳнасида иккита қутб лидерлари АҚШ ва СССР ҳар жабҳада, айниқса қуролланиш борасида рақобатга киришади. Шу тариқа «совуқ уруш» даври бошланади. Икки давлат атом бомбаси, турли қуроллар, ҳарбий кемалар, самолётларни такомиллаштириш, узоқ масофаларга учувчи баллистик ракеталар яратиш, кейинроқ космосга парвоз қилиш бўйича кимўзарга пойга ўйнайди.
1960 йилларга келиб навбати билан космосга одам чиқаришди, 10-15 минг километргача учиб борувчи қитъалараро ракеталар ясалди. Ҳар икки томон ўз ютуқларини кўз-кўз қилишни одатга айлантиради, айниқса СССР. Советлар бирор ютуқни «социализмнинг капиталистик тузум устидан ғалабаси» деб талқин қилишни хуш кўрарди.
Ана шундай шароитда АҚШ ва СССР космосда устунликни қўлга киритиш учун сунъий йўлдошларни ядровий реактор билан жиҳозлаш устида иш бошлайди. Бундай СЙ орқали рақиб флоти, сувости кемалари, авиаташувчиларни кузатиш мақсад қилинганди. Денгиз усти ва остини юқори аниқликда кузатувчи радиолокация ускуналари катта энергия талаб қиларди. Ўша даврдаги қуёш панеллари бу эҳтиёжни қоплай олмас, шу сабаб ядровий реактор вариантига тўхталишади.
Янги пойга
Ядровий реактор билан жиҳозланган СЙни фазога биринчи бўлиб олиб чиқиш ҳам пойгага айланиб кетади. 1960-йилларнинг биринчи ярмида СССР ва АҚШ фазога ядровий реактор билан жиҳозланган қурилма чиқариш режаси устида ишлай бошлайди. Америкаликларнинг дастури SNAP (Systems for Nuclear Auxiliary Power) деб номланади. Советлар эса бундай турдаги илк сунъий йўлдошга «Ромашка» деб ном беради.
«Ромашка» синовдан яхши ўтганига қарамай, фазога чиқишга улгурмайди. Бу ишни биринчи бўлиб америкаликлар амалга оширади. 1965 йилда АҚШ ядровий реактор билан жиҳозланган биринчи сунъий йўлдошини фазога чиқаради. СССР бу ишни 1970 йилга келиб амалга оширади. Унгача 1969 йилда ядровий реактор билан жиҳозланган иккита СЙ парвоздан кўп ўтмай қулаб тушганди.
1973 ва 1974 йилларда советларнинг яна иккита ядровий реактор ўрнатилган сунъий йўлдоши парвоз вақтида портлаб кетади. Умумий ҳисобда СССРнинг ядровий реактор ўрнатилган ўнтача сунъий йўлдоши аварияга учраганига қарамай, лойиҳа давом этаверади.
Бошқарувни йўқотган сунъий йўлдош
1977 йил сентябрда СССР Бойқўнғир космодромидан ядро реактори билан жиҳозланган СЙни фазога учиради. «Космос-954» деб номланган бу қурилма расмий баёнотларда оддий илмий аппарат сифатида кўрсатилса-да, АҚШ ва иттифоқчилари бу ҳарбий мақсад учун учирилганини билиб турарди. Қурилмага бойитилган уран билан ишлайдиган кичик ядровий реактор ўрнатиб, 90 фоизгача бойитилган 30 кг уран жойлашади.
















