Ҳозирги кунда дунёда нотинчлик ҳукм сураётган бир вақтда яхлит миллат ва халқ сифатида бирлашиб, ягона мақсад сари интилиш ўрнига, провокация уюштириб, ноқонуний ҳаракатларни содир этмоқчи бўлган бир гуруҳ шахсларнинг чақириқларига, эртакларига лаққа тушмаслигимиз лозим. Буларнинг кўпчилиги моддий манфаат учун ватанини, халқини ҳам сотиб юборадиган ноинсофлардир.
Мамлакатимизнинг ривожланишини кўролмайдиган баъзи бир ташқи кучлар бу вазиятдан устомонлик билан фойдаланиш ниятида эмаслигига ким кафолат бера олади?
Бундай ноқонуний ҳаракатлар ва усулларни ҳар томонлама ўйлаганда ҳам ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Негаки, бундай ижтимоий фаолликни ташкил қилишнинг ўзига хос тартиби, қоидаси бор. Биринчи навбатда халқнинг, мамлакатнинг хавфсизлиги барчамиз учун устувор аҳамият касб этиши керак. Давлат раҳбарининг Қорақалпоғистонда жамоатчилик вакиллари билан учрашувдаги гапи мени жуда таъсирлантирди, яъни тегишли раҳбарларга қорақалпоқ элини асрашни сўраб, “Ҳаётимни тикканман бу масалага” дедилар. Бу гапнинг замирида жуда катта мазмун ва моҳият, азм-у шижоат ётибди, десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан ҳам Президент фармони билан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, аҳолининг, мамлакатнинг тинчлиги ва осойишталигини ўйлаган ҳолда қабул қилинган зарурий ҳамда ҳақли қарор бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Бундай тартиббузарликларни Беларусь, Қозоғистон каби давлатлар тажрибасида ҳам кузатган эдик. Ўшанда ҳам ўнлаб аҳоли мазкур жараёнлар қурбони бўлган эдилар. Бу, албатта, ушбу жирканч қабиҳликларга қарши курашишда халқни, давлатни янада жипслаштиради, битта мақсад сари етаклайди.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистонда жамоатчилик вакиллари билан учрашувда, сепаратизмга, оммавий тартибсизликларга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар жазога тортилишини айтиб ўтдилар. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъул ходимининг брифингда берган маълумотига кўра, Қорақалпоғистондаги воқеалар пайтида, энг ачинарлиси оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.
Бир қанча жиноятчилар томонидан содир этилган ушбу ҳолат, албатта, жазонинг муқаррарлиги принципига таянган ҳолда жавобгарликка тортилиши лозим. Қонунчилигимизга эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларида бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик аниқ қилиб белгиланган.







