Эрон билан келишув умиди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши ҳарбий зарбаларни қайта бошлашдан олдин Теҳрон билан келишувга эришиш мумкинлигини айтди.

Reuters'нинг ёзишича, сўнгги ҳафталарда Трамп оралиқ сайловлардан кейин Эронга ҳужумлар қайта бошланишига ишора қилиб келаётганди. Бироқ 2 ноябр Вашингтонда журналистлар ундан сайловдан кейин Эронга зарба беришни режалаштиряптими, деб сўради. Трамп бунга «йўқ» деб жавоб берди.

Эрон билан уруш АҚШда бензин нархи ошишининг асосий сабабларидан бири бўлиб, бу сайловчиларга оғир таъсир қилмоқда. Шу боис Трамп можарони тугатиш борасида босим остида қолган.

Эрон музокарачилари 1 ноябр куни кетма-кет учинчи кун Доҳада қатарлик воситачилар билан урушни тугатиш бўйича музокара олиб борди. Трамп Эрон келишувни истаётганига ишонишини ва бундай келишувга эришиш мумкинлигини айтди. Вице-президент Ж.Д. Вэнс ҳам эронликлар билан бир нечта яхши суҳбат бўлганини маълум қилди.

Оқ уй раҳбари Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги асосий талаб эканини яна бир бор таъкидлади. «Биз Эроннинг ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаймиз ва улар буни тушунишади», деди Трамп. Америка етакчиси, шунингдек, сўнгги пайтларда жанглар деярли бўлмаганини айтиб, амалиётни аслида уруш эмас, деб даъво қилди.

Эрон томони Трампнинг гапларига изоҳ бермади. Аввалроқ улар, агар АҚШ ҳарбий амалиётларни қайта бошласа, жавоб зарбаларининг географияси кенгайиши ва янада ҳалокатли бўлишидан огоҳлантирганди.

Россиянинг Запорижжяга ҳужуми

Россия 2 ноябр куни Запорижжя вилоятида ҳуманитар ёрдам тарқатиладиган жойга авиабомбалар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида камида 26 киши ўлдирилди, 5 киши жароҳат олди.

BBC’нинг Украина расмийларига таяниб ёзишича, Комишуваха қишлоғига камида 9 та уч тонналик авиабомбалар ташланган. Дастлаб 27 киши бедарак йўқолгани хабар қилинганди. Фавқулодда хизматлар маълумотига кўра, ўлдирилганлар орасида 2 нафар қутқарувчи ва 4 нафар полициячи ҳам бор.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, аввал ҳуманитар мақсадларда фойдаланиладиган маҳаллий мактабга зарба берилган. Шундан сўнг одамлар яширинган жойга иккинчи ҳужум уюштирилган. Зеленский қишлоқда қолган аҳоли ҳар ҳафта шу ерда ҳуманитар ёрдам олишини, россияликлар буни билмаслиги мумкин эмаслигини айтди.