Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасалари кутубхона жамғармалари учун умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлашга қаратилган давлат бюджети маблағлари ва ҳомийлик хайрияларини, халқаро молия институтлари кредит ва грантларини, дарсликлар ва машқ дафтарлари ижара тўловларини жамлаш, ушбу маблағлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
  • умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасалари айрим тоифадаги, яъни биринчи синф ўқувчилари, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар, кам таъминланган оилалардаги болаларни ҳамда ижара тизими билан бирламчи таъминлаш ва ўқитувчиларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул таъминлаш учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни харид қилиш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни молиялаштирилиш;
  • умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасалари ўқувчиларини ижара асосида таъминлаш учун умумтаълим фанларидан дарсликлар ва машқ дафтарларини харид қилиш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;
  • айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари учун бепул ва ижара асосида умумтаълим фанларидан дарсликларни харид қилиш ва етказиб беришни молиялаштириш;
  • жамғарма маблағларининг ўз вақтида тушишини таъминлаш ва таҳлил қилиб бориш.

Бюджет трансфертлари умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасалари айрим тоифадаги, яъни биринчи синф ўқувчилари, “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар, кам таъминланган оилалардаги болаларни ҳамда ўқитувчиларни дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар билан таъминлаш, шунингдек, ижара тизими билан бирламчи таъминлаш харажатларини молиялаштиришга давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар доирасида жамғарма трансферт буюртманомасига асосан белгиланган тартибда ўтказиб берилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • 2023 йил 1 январдан бошлаб, умумтаълим фанларидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ягона макетларини харид қилиш, чоп этиш ҳамда етказиб бериш бўйича Халқ таълими вазирлиги (буюртмачи) томонидан белгиланган тартибда аниқлаган ижрочилар билан тузилган шартномалар бўйича тўловлар;
  • Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази умумтаълим фанларидан дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни эксперт ва тақризчиларга ҳақ тўлаш харажатларини молиялаштириш жамғарма томонидан амалга оширилади.