Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юклангани маълум бўлди
Магистратурага қабулда сохта сертификатлар юкланмоқда. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов раҳбарлигида 2022/2023-ўқув йили учун қабулни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Вазир янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонларни шаффоф ўтказиш бўйича 46 та олий таълим муассасаси тайёргарлик ҳолатига эътибор қаратиб, ўтган ўқув йилидаги камчиликларни такрорламаслик учун ҳар бир олий таълим муассасаси раҳбари масъулият билан ёндашиши зарурлигини таъкидлади.
Ажратилган бино ва аудиториялар сифатли видеоёзув жиҳозлари билан таъминлангани, жамоатчилик назорати кучайтирилгани, имтиҳон натижалари ўз вақтида расмий манбалар орқали эълон қилинишига алоҳида тўхталиб ўтилди. Имтиҳон жараёнларини кузатиш учун келган ота-оналар ва комиссия аъзоларига зарур шароит яратиш борасидаги ташкилий масалалар ҳам ўрин эгаллади.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масала магистратурага қабулни ташкил этиш бўлди. Келиб тушган 4332 та аризанинг 1282 таси талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳолатларда сохта сертификатлар ҳам юкланаётгани айтилди.
Магистратурага қабул тугашига оз муддат қолганига қарамай, аксарият ОТМ томонидан бакалавриат босқичи битирувчилари дипломларини ўз вақтида расмийлаштириш якунламагани танқид қилинди. Бу магистратурага кириш истагида бўлган абитуриентлар асосли норозиликларини келтириб чиқараётгани қайд этилди.
Масъулларга барча имкониятларни ишга солган ҳолда қисқа вақт ичида битирувчилар дипломларини расмийлаштиришни якунига етказиш ва қатъий назорат олиш юзасидан топшириқлар берилди.
Иккинчи олий таълимга ҳужжатлар қабул қилишнинг бориши, тартиби билан боғлиқ маълумотларни расмий сайтларда эълон қилишдаги сусткашликлар ҳам танқид остига олинди. Иккинчи олий таълимга қабулни амалга оширадиган барча ОТМ ректорларига юқорида қайд этилган маълумотларни аниқ ва батафсил эълон қилиш борасида кўрсатма берилди.
Яна бир муҳим масала – техникум битирувчиларини суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш ҳақида сўз юритилди. ОТМ ректорларига ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш юзасидан вазифалар топширилди.
Билдирилишича, сўнгги кунларда талабалар ва улар ота-оналарига етарлича тушунтириш ишлари олиб борилмагани сабабли талабалар томонидан белгиланган тартибларни тушунмасдан ҳужжат топширишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. ОТМ ректорларига ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Мавзуга оид
23:29 / 28.08.2024
Магистратурага қабул натижалари эълон қилинди
14:50 / 06.08.2024
Магистратура учун рад этилган аризаларни таҳрирлашга қўшимча муддат берилди
19:01 / 27.07.2024
Магистратура бўйича қабул квотаси тасдиқланди
21:37 / 20.07.2024