Ҳукуматнинг 2026 йил 17 сентябрдаги 500-сон қарори билан олий таълим тизимида магистратура босқичида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича янги тартиб белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб магистратурада кадрлар икки хил дастур асосида тайёрланади. Ишлаб чиқариш (амалий) дастурига йўналтирилган магистратурада ўқиш муддати камида бир йил, илмий-педагогик дастурда эса камида икки йил этиб белгиланади.
Магистратурада таълим муайян мутахассисликнинг ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ кундузги, кечки ёки масофавий шаклларда ташкил этилиши мумкин.
Ишлаб чиқариш (амалий) дастурини тамомлаётган магистрантлар анъанавий магистрлик диссертацияси ўрнига мутахассислик хусусиятидан келиб чиқиб амалий иш тайёрлайди. Бу лойиҳа иши, конструкторлик лойиҳаси, стартап лойиҳаси, рационализаторлик ғояси, амалий-ижодий асар ёки бошқа турдаги иш бўлиши мумкин. Битирувчи тайёрлаган ишини ҳимоя қилиши талаб этилади.
Илмий-педагогик дастур бўйича таҳсил олган магистрантлар эса магистрлик диссертациясини тайёрлайди. Диссертация дастлабки ҳимояга қадар плагиатга текширилади ва «яширин эксперт тақризи»дан ўтказилади.
Шунингдек, Scopus ва Web of Science маълумотлар базаларига киритилган журналларда илмий мақола чоп этган магистратура талабаларини белгиланган тартибда рағбатлантириш назарда тутилган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги магистратурада ўқиш давомийлигини мутахассисликларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб мувофиқлаштирувчи орган сифатида белгиланди.
Янги тартиб айрим олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди. Хусусан, Одил судлов академияси, Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Банк-молия академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, шунингдек, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари бундан мустасно.

















