Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон иқлим ўзгаришига қарши курашда шаффофликни оширади
ФАО Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича салоҳиятини оширади.
25 июль куни БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг субминтақавий координатори Виорел Гусунинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Гидрометеорология хизмати марказида қўшма лойиҳа ҳужжатини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
ФАОнинг янги лойиҳасини амалга ошириш мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга янада кўпроқ ҳисса қўшиш имконини беради.
Мазкур лойиҳа «Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича миллий ҳаракатларни ва кўрсатилаётган техник ёрдамни кузатиш бўйича интеграциялашган ва кенгайтирилган шаффофлик тизимини яратиш бўйича салоҳиятни ошириш» деб номланади ва у Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) томонидан молиялаштирилади. Гидрометеорология хизмати маркази ижрочи агентлик ҳисобланади.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши таҳдидларига глобал жавоб чораларини кучайтиришга қаратилган Париж келишуви доирасида янги кенгайтирилган шаффофлик асосига ўтишга тайёргарлик кўришини қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган. БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси бўйича тузилган ушбу келишув атмосферадаги карбонат ангидридни камайтириш чораларини тартибга солади.
Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил 19 апрелда расман Париж келишувини имзолаган ва 2018 йилнинг ноябрида уни ратификация қилган. Ҳужжатни имзолаш орқали Ўзбекистон бошқа давлатлар қаторида глобал ҳаво ҳарорати ўртача кўтарилишини цельсий бўйича 2 даражадан сезиларли даражада паст ушлаб туриш мажбуриятини олган.
Ўзбекистоннинг миллий миқёсда белгиланган ҳиссаси 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартириш, иқлим ўзгариши салбий таъсирини камайтириш ва мослашувчан салоҳиятни ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича вазифаларни белгилаб беради. ФАО қайд этилган лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда мониторинг, ҳисобот бериш ва текшириш тизими ишлаб чиқилади.