Жаҳон | 15:39 / 02.08.2022
4779
4 дақиқада ўқилади

«Яндекс» собиқ раҳбари судда Евроиттифоқ санкцияларига қарши чиқди

«Яндекс» собиқ бош директори Тигран Худавердян санкциялар бекор бўлишини талаб қилиб, уларни асоссиз деб атади ва Россия расмийларининг Украинадаги ҳаракатларини қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади.

Фото: DPA

«Яндекс» компаниялар гуруҳи собиқ бошқарувчи директори Тигран Худавердян ўзига нисбатан қўлланилган санкцияларга эътироз билдириш мақсадида ЕИ кенгаши устидан Люксембургдаги Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. Даъво 7 июнь куни берилди, RTVI телеканали 1 август, душанба куни унга эътибор қаратди. 

Худавердян ўз даъвосида унинг самарали суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқи бузилганини таъкидлаган, чунки кенгаш унга нисбатан санкциялар қўллашнинг аниқ сабабларини келтирмаган, бироқ мавҳум асослар билан чекланган.

Бундан ташқари, Худавердян Россия расмийларининг Украинага бостириб кириши борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватламаслигини, «Яндекс» компанияси эса ЕИ кенгаши билдирганидек «Украинадаги уруш ҳақидаги маълумотларни руслардан яширишнинг асосий элементи» ҳам, «РФ ҳукумати учун катта даромад манбаи» ҳам эмаслигини ёзади.

Тадбиркор чекловлар қўйиш асосларини «кенгаш томонидан кўзланган мақсад нуқтайи назаридан камситувчи ва номутаносиб» деб атади. Худавердян жазо чоралари унинг асосий ҳуқуқлари, яъни мулк, шахсий ва оилавий ҳаётни ҳурмат қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш эркинлигини бузганини таъкидлади. 

Евроиттифоқ 15 март куни Худавердянга нисбатан жазо чораларини қўллаган эди – ўша куни у Елена Бунина ўрнига «Яндекс» бош директори лавозимини эгаллади. Эртаси куни у ҳам ўз лавозимини тарк этди ва компания директорлар кенгашидан чиқиб кетди. 

Евроиттифоқ Худавердянга қарши санкцияларни асослашда «Яндекс.Новости» сервисининг исми ошкор этилмаган собиқ раҳбари сўзларидан келиб чиққан, у компанияни Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги «маълумотни яширишнинг асосий элементи» деб таърифлаган. 

Бундан ташқари, ЕИ ҳужжатига кўра, Худавердян 24 февраль куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан ишбилармонларнинг учрашувида иштирок этди, бу эса «у Владимир Путинга яқин бўлган доира аъзоси» эканини ва «Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаши»ни билдиради. Июль ойида Канада ҳам Худавердянга қарши санкциялар киритган эди. 

Март ойи бошида Худавердян Facebook’даги саҳифасида «кўпчилик «Яндекс»дан зудлик билан зирҳли машинага ўтириб, ўз позициясини баланд овозда эълон қилишни талаб қилаётгани» ҳақида ёзган эди. «Менимча, ҳар қандай ҳаракат ҳиссиётлар билан эмас, балки асосий устувор жиҳатлар билан белгиланиши керак. Биз ҳозир ҳимоя қилаётган нарса - бизнес эмас. Бу мамлакатда яшовчи одамлар учун электр ёки сув каби зарур сервислардир. Қидирув тизими қидириш билан шуғулланиши керак. Такси келиши, товар ва озиқ-овқат етказиб берилиши керак. Инфратузилма - ишлаши. Шу сабабларга кўра, зирҳли машинага чиқа олмаймиз. Умид қиламанки, вазиятни етарлича тушунтирдим», — деб ёзган Худавердян. 

Мавзуга оид