Ўтган ҳафта Украина дронлари «Яндекс»нинг бир нечта дата-марказларига ҳужум қилди. Зарбалар компаниянинг маълумотлар базасига жиддий зарар етказган бўлиши мумкин. Оқибатда Россия ва МДҲ мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам «Яндекс»нинг айрим хизматларида узилишлар кузатилди.

Учта дата-марказга ҳужум

Дастлаб, 8 октябрга ўтар кечаси компаниянинг Рязан вилояти Сасово шаҳрида жойлашган дата-марказига зарба берилди. 2014 йилда очилган ушбу объект «Яндекс»нинг асосий маълумотларни қайта ишлаш марказларидан бири ҳисобланади. Унинг электр қуввати 12 мегаваттгача етади, инфратузилмасида эса ўн минглаб серверлар мавжуд. Дрон зарбасидан кейин йирик ёнғин келиб чиқди ва марказ фаолияти вақтинча тўхтади. Бу «Яндекс Cloud» ресурсларидан фойдаланадиган турли хизматлар ишида узилишларга сабаб бўлди.

9 октябр куни Калуга вилоятидаги «Грабсево» индустриал паркида жойлашган яна бир дата-марказ ҳужумга учради. 2022 йилда фойдаланишга топширилган ушбу объектни компаниянинг ўзи Россиядаги энг йирик маълумотларни қайта ишлаш марказларидан бири сифатида таърифлаган. Марказнинг лойиҳа қуввати 63 мегаваттни ташкил этади. Ҳужум натижасида иншоотнинг бир нечта модули бутунлай ишдан чиққан.

11 октябрга ўтар кечаси эса Украина дронлари «Яндекс»нинг Владимир шаҳридаги дата-марказига ҳам ҳужум қилди. Кетма-кет берилган зарбалар Россиядан ташқари бошқа МДҲ мамлакатларидаги рақамли хизматлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Жумладан, Ўзбекистонда «Яндекс»нинг айрим сервисларидан фойдаланишда муаммолар юзага келди.

Етказилган зарар кўлами

Дастлабки таҳлилларга кўра, дата-марказларнинг шикастланиши Россияда сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга жиддий зарба бериши мумкин. Энг катта йўқотишлардан бири сифатида нейрон тармоқлар, йирик тил моделлари ва машинали кўриш тизимларини ўқитишда фойдаланиладиган учта етакчи суперкомпютернинг ишдан чиқиши кўрсатилмоқда.

Сасоводаги «Червоненкис» ва «Ляпунов», Калуга вилоятидаги «Галушкин» суперкомпютерлари компаниянинг сунъий интеллект соҳасидаги ишланмалари, хусусан, нейрон тармоқларни ўқитиш учун ишлатилган. Хусусан, «Червоненкис» Россияда сўнгги 15 йил ичида яратилган энг кучли суперкомпютер сифатида таърифланади. У 2021 йилда ишга туширилганида дунёдаги энг кучли 500 та суперкомпютер рейтингида 19-ўринни эгаллаган. «Галушкин» ҳам сунъий интеллект моделларини ўқитиш каби юқори ҳисоблаш қувватини талаб қиладиган вазифалар учун мўлжалланган. Ҳужумлар оқибатида ушбу учала суперкомпютер ҳам тўлиқ ишдан чиққан бўлиши мумкин. Бироқ уларнинг ҳолати ва етказилган зарарнинг аниқ даражаси бўйича тўлиқ маълумот мавжуд эмас.