Жаҳон | 09:44 / 10.08.2022
5154
2 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар Финландия парламенти сайтини бузиб кирди

Май ойида SUPO Финландия разведка хизмати мамлакатнинг НАТОга қўшилиш қарори муносабати билан ҳакерлик ҳужумлари эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган эди. Yle телеканалига кўра, бузғунчилик ортида россияпараст ҳакерлар гуруҳи турибди.

Фото: Shutterstock

Финландия парламенти сайти 9 август, сешанба куни бузиб кирилгани сабабли фойдаланувчилар учун ишламади. Парламентнинг ушбу киберҳужум ҳақида эълон қилган баёнотига кўра, бу маҳаллий вақт билан 14:30 лар атрофида содир бўлган ва ҳозирда парламент зарарни чеклаш чораларини кўрмоқда. 

Бузғунчилик ортида ким тургани ҳозирча номаълум. Айни пайтда, Финландиянинг Yle телеканали хабар беришича, NoName057(16) номли ҳакерлар гуруҳи Telegram’да «Биз ҳукумати НАТОга аъзо бўлишни жуда истаётган қўшни Финландияга «дўстона» ташриф буюришга қарор қилдик» деган ёзувни эълон қилди. Финландиялик журналистлар NoName057(16) ҳакерлар гуруҳини россияпараст деб атаяпти. 

Май ойида Финландия разведка хизмати - SUPO мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлиш қарори муносабати билан ҳакерлик ҳужумлари сони ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Апрель ойи бошида SUPO раҳбари Антти Пелттари сайтлар бузиб кирилганда жамият «фалаж бўлиб қолгани» ҳақида тасаввур пайдо бўлишини таъкидлаган эди. Бироқ, бундай ҳужумлар ҳақиқий фалокат келтира олмайди, дея қўшимча қилган у ўша пайтда.

15 май куни Финландия президенти Саули Ниинисте Ҳелсинки НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришини маълум қилди. Москва бу баёнотга кескин муносабатда бўлиб, РФ билан чегарадош давлат Шимолий Атлантика иттифоқига қўшилса, Россия-Финландия муносабатлари жиддий ёмонлашиши билан таҳдид қилди. 

9 август куни АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон томонидан Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилишини ратификация қилувчи ҳужжатларни имзолади. 

Мавзуга оид