11 октябрга ўтар кечаси ҳакерлар Франциядаги юзлаб супермаркетларнинг совутиш тизимларига киберҳужум уюштирди. Жиноятчилар ускуналарни муздан халос бўлиш режимига ўтказиб юборган, оқибатда дўконлар айниган маҳсулотларни ташлаб юборишга мажбур бўлди, деб хабар берди Bloomberg.

Intermarché тармоғига эгалик қилувчи Groupement Mousquetaires вакилининг сўзларига кўра, тармоқнинг 150 га яқин дўкони зарар кўрган. Совутгич ва музлаткичлар тахминан олти соат давомида Цельсий бўйича 50 даражагача қизиб кетган, оқибатда гўшт, музлатилган маҳсулотлар ва сабзавотлар айниб қолган. Mousquetaires маълумотларига кўра, мазкур тизимларни Даниянинг Danfoss компанияси бошқарган ва расмийларга айнан етказиб берувчининг ўзига шикоят билан мурожаат қилиш лозим.

Ҳужум Coopérative U тармоғига ҳам дахл қилган, бу ҳақда тармоқ бош директори Доминик Шелшер маълум қилди. Унинг юзга яқин дўкони жабрланган. Шунингдек, баъзи Leclerc супермаркетлари ҳам ҳакерлар нишонига айланган. Danfoss Франциядаги ҳодисалардан хабардор эканини ва мижозлар билан биргаликда оқибатларни бартараф этиш чораларини кўраётганини билдирди.

Danfoss вакили Ларс Грубак Лофф асосан совутиш тизимларини бошқаришнинг эскирган моделлари, жумладан, дастурий таъминот тизимлари бузиб кирилганини айтди.

«Danfoss мижозларга қўллаб-қувватланадиган тизимларнинг прошивкасини доимий равишда янгилаб боришни ҳамда эскирган тизимлардан замонавий авлод ечимларига ўтишни аллақачон тавсия қилиб келади».

Август ойида Claroty компаниясининг Team82 тадқиқотчилари Danfoss контроллерларидаги заифликлар, жумладан, совутиш тизимлари ишига аралашиш имконини берувчи яширин аутентификация механизми ҳақида огоҳлантирган эди.