Салмон Рушдий сунъий нафас бериш аппаратига улаб қўйилди
Рушдий Chautauqua институтида маъруза қилмоқчи бўлган вақтда ҳужумга учраганди.
Нью-Йоркда ҳужумга учраган ёзувчи Салмон Рушдий сунъий нафас бериш аппаратига улаб қўйилди, деб хабар берди Reuters.
Рушдий Chautauqua институтида маъруза қилмоқчи бўлган вақтда бир эркак саҳнага югуриб чиққан ва унинг томоғи ҳамда танасига бир неча бор зарба берган.
Ёзувчи шифохонада операция қилинди. Рушдий бир кўзидан айрилиши мумкин, унинг қўлидаги асаб томирлари ва жигарига зарар етган, деб маълум қилди ёзувчининг агенти Эндрю Уайли.
Ҳужумда Нью-Жерсида яшовчи 24 ёшли Ходи Матар гумон қилинмоқда, у воқеа жойида қўлга олинган. Полиция ва ФҚБ Матарнинг ҳужум қилишдан мақсадини аниқламоқда, у қандай қуролдан фойдалангани айтилмаяпти, деб ёзади Reuters.
Салмон Рушдий Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида туғилган. У 1980-йилларда «Шайтон суралари» романини ёзганидан сўнг шиа мусулмонларининг ғазабига учраган. Эрон диний раҳнамоси оятулло Ҳумайний Салмон Рушдийни ўлдиришга фатво берган.
Ёзувчи 2016 йилда АҚШ фуқаролигига эга бўлган.
Рушдий 1981 йилда «Ярим тун болалари» асари учун Букер мукофотини олган.