Ўзбекистон | 17:00 / 17.08.2022
43995
2 дақиқада ўқилади

Узоқ кутилган фильм – “Baron – 2. Sog‘inch” катта экранларга чиқиш санаси маълум бўлди

2019 йилда илк трейлери намойиш этилган “Baron – 2. Sog‘inch” фильмининг катта экранлардаги илк намойиш куни эълон қилинди. Пандемия сабаб фильмнинг тасвирга олиш ишлари маълум муддат тўхтаб қолганди.

Фильм режиссёри Рустам Саъдиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, “Baron – 2. Sog‘inch” фильми 18 августдан бошлаб республика кинотеатрларида намойиш этилади. Фильмнинг асосий тақдимот маросими эса унда бош ролларни ўйнаган дунё киноюлдузлари иштирокида 15 сентябр куни Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтади. Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинаётган фильм пандемия сабаб тўхтаб қолганди.

Маълум бўлишича,“Baron – 2. Sog‘inch” бадиий фильми террористик интервенсияни фош қилувчи, ички механизмларни очиб берувчи ўткир сюжетли драма бўлиб, унда мураккаб трюклар, экшн ва оммавий саҳналар, пиротехник воситалар ёрдамида қўпорувчилик эпизодлари тасвирланади.

Фильмда Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Сурия, Миср, Россия давлатларидан ва ўзбекистонлик актёр-актрисалардан Фарҳод Маҳмудов, Бахшилло Фатхуллаев, Ғайрат Боймирзаев, Юлдуз Ражабова, Дилноза Кубаева, Элёр Маҳкамов, Шаҳзода Матчонова, Нурмуҳаммад Ҳусниддинов, Сергей Астахов, Виктория Толстоганова, Виктор Вержбиский, Игор Лифанов, Константин Соловёв, Гайрат Боймирзаев, Тауккел Муссилим, Амир Таиров, Каан Урганжиўғли, Сефа Зенгин иштирок этишган.

Филм намойишлари Киночилар уйи (Панорама)да, шунингдек, савдо комплексларидаги қуйидаги энг замонавий кинотетрларда бўлиб ўтади:

  • Mega cinema
  • Rivyera cinema
  • Salom cinema
  • Kompos cinema
  • Parus cinema
  • Yulduz (premier hall)
  • Next cinema
  • Samarkand Darboza
  • Drive cinema

Мавзуга оид