Ўзбекистон | 10:37 / 18.08.2022
13693
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кучли магнит бўрони кузатилади

Бугун, 18 август куни туш пайти магнит бўронининг G4 даражага эга 6 баллик ўта фаол босқичи кузатилади. 

“Ўзгидромет” ходими Эркин Абдулаҳадовнинг хабар беришича, 18-19 август кунлари шимолий яримшар, хусусан, Ўзбекистонда ҳам магнит бўрони ўта фаол босқичи кузатилади.

Бугун кун давомида G3 ва G4 даражага эга 5-6 баллик магнит бўронлари бўлиши прогноз қилинмоқда.

G4 даражалик магнит бўрони юқорироқ таъсир кучига эга бўлиб, 6 баллик магнит майдон геомагнит пўртана (шторм) кучига эга. Бу куч алоқа, электр тармоқлари, навигация тизими, сунъий йўлдошлар парвози, қувур ва трубалардаги индукция оқими, геологик қидирув ишлари ҳамда инсон саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин. 

Бугун кун давомида жуда кўпчиликда бош орқа қисмида карахтлик ва бироз кўнгил айниш ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Магнит бўрони – Қуёш шамоли таъсирида Ер магнитосфераси вақтинча ўзгариши. Қуёш шамоли кучайиши магнитосферани маълум даражада сиқади. Бундан ташқари, қуёш шамоли Ер ннг магнит майдони билан ўзаро реакцияга кириб, ундан ажралган энергия бир қисмини магнитосферага ўтказади. Бу магнитосфера бўйлаб плазма тўлқинлари ҳаракати тезланиши ва электр оқими кучайишига олиб келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид