Ушбу оммавий югуриш мусобақаси “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” заводи ҳамда Енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир доирасида 8 та оммавий югуриш мусобақасини ўтказиш режалаштирилган. Унда спортни ривожлантиришга ва атроф-муҳит муҳофазасига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлар қатнашишлари мумкин.
Бошқарув қарорига кўра, илк маротаба югуриш мусобақаси Ўзбекистон шаҳарларининг марказий кўчалари бўйлаб одатдаги маршрут бўйича эмас, Марказий Осиёдаги синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича ягона бўлган корхона – “Uzbekistan GTL” заводи ёнидан старт олди.

Ижтимоий-экологик ҳамкорлик соҳасидаги масалаларни амалга ошириш мақсадида спорт ва юқори технологиялар коллаборацияси Енгил атлетика федерациясининг янги раҳбарияти томонидан таклиф этилди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев Федерацияга раҳбарлик қилмоқда.
“Save Aral – 2022” хайрия оммавий югуриш мусобақаси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси кубогининг “GTL” заводи атрофида ўтказилиши нефть ва газ саноати жамоасини оммавий спорт билан фаол шуғулланишга жалб қилиш учун ажойиб ташаббус бўлди, десак муболаға бўлмайди.
– Ишчи-ходимлар саломатлигига ғамхўрлик қилиш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. “GTL” заводида халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган энг замонавий қурилмаларни жорий этиш билан бир пайтда жамоа ичида экологик масъулиятни шакллантириш ҳам долзарбдир, – деди ҳайрия тадбирининг очилиш маросимида Меҳриддин Абдуллаев.
Нефть ва газ корхоналари фаолиятида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда. Шу боис акциядорлик жамияти “GTL” мажмуаси ёнидаги Ғузор туманини ободонлаштиришга қаратилган экологик акцияларга катта истак билан қўшилдилар. Экологик акциялар доирасида Федерация ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан саксовул экиш ҳамда ҳудудни маиший чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга оширилди.

“Save Aral – 2022” спорт оммавий югуриш мусобақаларини ўтказишдан мақсад жамоатчилик эътиборини Орол денгизи фожиаси ва Оролбўйи минтақасини қайта тиклаш масалаларини ҳал қилиш учун чораларни фаоллаштиришга жалб қилишдан иборат.









