Спорт | 13:27 / 04.09.2022
24218
10 дақиқада ўқилади

«Аякс» ва «Сити»дан қойилмақом иш. Ёзги трансфер ойнасида энг кўп пул ишлаган 10 клуб

Европанинг кучли бешлик чемпионатларида ёзги трансфер ойнаси расман ёпилди. Бу сафарги трансфер дарчаси шов-шувли ва кутилмаган трансферларга бой бўлди. Қуйида футболчилар сотувидан бюджетига энг кўп даромад келтирган клублар билан таништирамиз. Бу сафар одатдагидек «Аякс» ва португал клубларидан ташқари, «Манчестер Сити» ҳам ўйинчилар сотувидан яхшигина маблағга эга бўлган.

1. «Аякс»

Даромад: 216 220 000 евро

Сарфлади: 105 100 000 евро

Баланс: +111 120 000 евро

Амстердам клуби футболчилар сотуви бўйича навбатдаги марта мастер-класс кўрсатди. Тўғри, клуб катта маблағни асосан икки футболчисининг сотувидан ишлади ва бунда Эрик тен Ҳагнинг собиқ жамоасидан ўзи яхши билган ўйинчиларни чақириш истаги катта роль ўйнади. Шунга қарамай, Антони ва Лисандро Мартинес сингари ўзини асосан Нидерландия чемпионатида кўрсатган ҳимоячи ва вингер ортидан 150 миллион евродан кўпроқ маблағ ишлаб олиш ҳам ўзига хос маҳорат. Қолаверса, «Аякс» Себастьян Аллерни «Боруссия» Дортмундга 31 млн еврога пуллади (22 млн еврога сотиб олганди).

Шунингдек, Андре Онана («Интер») ва Нуссайр Мазрауи («Бавария») трансферидан ҳам пул ишлаш мумкин эди, аммо улар шартномани узайтиришни истамай, жамоани эркин агент сифатида тарк этишни лозим топишди.

Футболчилар сотувидан тушган пуллар янги харидлар учун ҳам сарфланди. Амстердамликлар «Тоттенҳэм»дан 31 млн евро эвазига Стивен Бергвейн, 23 млн еврога «Рейнжерс»дан Кэлвин Бейссини таклиф этгани ҳам – катта воқеа.

2. «Манчестер Сити»

Даромад: 159 900 000 евро

Сарфлади: 139 500 000 евро

Баланс: + 20 400 000 евро

«Сити» фақат пулни сарфлашни эмас, ниҳоят трансферлар орқали пул ишлашни ҳам ўрганган кўринади. Эътиборлиси, хайрлашилган футболчиларнинг ҳеч бирини «Сити» учун катта йўқотиш деб бўлмайди. Раҳим Стеринг, Габриэл Жезус ва Александр Зинченко учун асосий таркибда муқим жой ажратилмаганди, футболчилар эса майдонга кўпроқ тушишни исташди. Албатта, «Сити» бу ўйинчилар трансфери орқали рақобатчилари «Арсенал» ва «Челси»ни кучайтирди, аммо 143 миллион евро ҳам ишлаб олди.

Шунингдек, ижарама-ижара юрган Порро («Спортинг», € 8,5 млн), Итакура («Боруссия М», € 5 млн), Мурича («Бëрнли», € 3 млн) сингари ўйинчилар сотувидан ҳам клуб бюджетига пул туширилди.

Гвардиола «Сити»га Ҳоланд, Филлипс, Аканжи, Гомес сингари ўйинчиларни таклиф этганини инобатга олсак, клубнинг ёзги трансфер кампаниясига юқори баҳо бериш мумкин.

3. «Бенфика»

Даромад: 127 300 000 евро

Сарфлади: 62 300 000 евро

Баланс: +65 000 000 евро

«Бенфика» даромадининг асосий қисмини ҳужумчиси Дарвин Нуньеснинг «Ливерпуль»га трансфер қилинишидан ишлади – 75 миллион евро. Роман Яремчук, Эвертон, Карлос Винисиусни эса клуб ўртача қийматда трансфер қилди – 16 млн («Брюгге»), 13,5 млн («Фламенго») ва 5 млн евро («Фулҳэм»). Бу ўйинчилар ўз чўққиларидан пасайгандек кўринишса-да, клубга қарийб 35 млн евро даромад келтиришди.

Жота («Селтик»), Жедсон Фернандеш («Бешиктош») ва Педру Перейра («Монца») сингари ёш ўйинчилар ҳам португал клубига қўшимча 7,3 млн, 6 млн ва 2,5 млн евро келтирган.

4. «Спортинг»

Даромад: 119 800 000 евро

Сарфлади: 41 950 000 евро

Баланс: +77 850 000 евро

Нуну Мендешнинг «ПСЖ»га сотуви олдинроқ амалга ошган бўлса-да, «Спортинг» бу трансфердан 38 миллион евродан кўпроқ ишлаб олиши мумкин эди. Шунга қарамай, лиссабонликлар Матеус Нунесни «Вулверҳэмптон»га 45 млн еврога пуллашди. Жоау Пальинья эса «Фулҳэм»га 20 млн еврога тушди. Шунингдек, Табата, Розье, Шпорар, Плата, Педру Мендеш сингари ўйинчилардан ҳам 10 млн евродан кўпроқ маблағ ишланган.

5. «Монако»

Даромад: 117 000 000 евро

Сарфлади: 43 500 000 евро

Баланс: +73 500 000 евро

«Монако»нинг бу сафарги кассасини Орельен Тчуаменининг «Реал»га 80 млн еврога ўтгани таъминлади. Софьян Диопунинг «Ницца»га 22 млн еврога пуллангани ҳам диққатга сазовор. Павлович («РБ Зальцбург», € 7 млн), Пеллегри («Торино», € 5 млн) ва Ахола («Страсбур», € 3 млн) трансферларидан ҳам қарийб 15 млн евро тушум бўлган.

Монегасклар Тчуамени ўрнига «РБ Зальцбург»дан 15 млн еврога Муҳаммад Камарани таклиф этишди. «Ливерпуль»га керак бўлмай қолган Такуми Минамино учун ҳам шунча сарфланди. Брил Эмболо учун эса бироз камроқ харажат қилинди – 12,5 млн евро.

6.«Брайтон»

Даромад: 113 900 000 евро

Сарфлади: 47 800 000 евро

Баланс: +66 100 000 евро

Made in Brighton & Hove Albion Football Club – ҳимоя қўрғони футболчилари учун сифат белгисига айланмоқда. Ушбу ёзда клуб Марк Кукурельяни 65,3 млн еврога «Челси»га, Ив Биссумани эса 29,2 млн евро эвазига «Тоттенҳэм»га трансфер қилди. Лео Эстигор учун «Наполи» 5 млн евро, Мэтт Кларк учун «Мидлсбро» 2,6 млн евро тўлади. Жами юз миллион евродан кўпроқ даромад қилинди. Сўнгги паллада Ниль Мопе ҳам «Эвертон»га 11,8 млн еврога пулланди.

Клуб тарихидаги энг қиммат сотув – Кукурелья ўрнига эса «Вильярреал»дан 17,8 миллион еврога колумбиялик Первис Эступиньян таклиф этилди.

7. «Лидс»

Даромад: 108 200 000 евро

Сарфлади: 110 140 000 евро

Баланс: - 1 940 000 евро

Трансфер ойнасининг дастлабки кунларида икки етакчиси – Рафинья («Барселона», 58 млн) ва Калвин Филлипсни («МС», 49 млн) 100 миллион евродан кўпроқ маблағга сотган «Лидс» дарҳол янги харидларга қўл урди. Тўғри, даромаддан кўра, харажат кўпроқ бўлди, аммо янги даражага чиқишга тайёр кўринаётган Ааронсон, Адамс, Кристенсен сингари бош мураббий Жесси Маршга бегона бўлмаган ўйинчилар сотиб олинди.

8. «Ювентус»

Даромад: 106 150 000 евро

Сарфлади: 102 400 000 евро

Баланс: + 3 750 000 евро

«Ювентус» ёзги трансфер ойнасида яхшигина пул ишлаб олди, аммо Туринда кўпроқ маошлар жамғармаси анча енгиллашганидан хурсанд бўлишди. Клуб Кьеллини, Рэмзи, Дуглас Коста, Бернардески, Дибала сингари катта маошли ўйинчилар билан хайрлашди.

Сотувлар ҳақида гап кетганда, Маттиас де Лигт трансферини йўқотиш сифатида баҳолаш мумкин, устига-устак Турин клуби ҳимоячини «Аякс»дан олган нархидан (85,5 млн евро) арзонроққа сотди – 67 млн евро. Қолган сотувлар эса асосий таркиб билан боғлиқ эмас – Демирал 20 млнга «Аталанта»га ўтди, Мандрагор учун «Фиорентина»дан 8,2 млн евро пул тушди. Ҳаттоки Артурнинг «Ливерпуль»га, Закариянинг «Челси»га ижарага берилганидан ҳам 4,5 млн ва 3 млн евро тушум бўлади. Кейинчалик эса бу ўйинчиларни сотиш ҳам мумкин.

9. «Бавария»

Даромад: 104 400 000 евро

Сарфлади: 137 500 000 евро

Баланс: -33 100 000

Футболчилар сотуви ва сотиб олинишидан рўйхатдаги энг ёмон баланс «Бавария»да, аммо Мюнхен клуби буни ўзига раво кўра олади. Сабаби клуб молиявий жиҳатдан яхши ҳолатда. Трансферлардан йиғилган жамғарманинг асосий қисмини Роберт Левандовскининг «Барса»га ўтишидан тушган маблағ тўлдирди. Клуб нимани хоҳласа ўшани олди – польшалик голеадорни 40-50 млн еврога сотмоқчи эди, якунда 45 млн евро эвазига қўйиб юборди.

Шунингдек, ишончни оқламаган аксарият ўйинчилардан ҳам яхшигина пул ишлаб олинди. Ҳимоячи Танги Куасси «Севилья»га 16 млн еврога сотилган бўлса, Крис Ричардс учун «Кристал Пэлас» 16 млн, Марк Рока учун «Лидс» 12 млн, Жош Зиркзее учун «Болонья» 8,5 млн, Умар Ричардс учун «Ноттингем»дан 8,5 млн, Ларс Май учун эса «Лугано»дан 1,6 млн евро ундирилди. Шундан ҳам қарийб 60 миллион евро йиғилди.

Янги ўйинчилардан де Лигт, Садио Мане, Гравенберх, Тил ва Мазрауи таклиф этилиб, таркиб кучайтирилди.

10. «Лилль»

Даромад: 99 000 000 евро

Сарфлади: 26 000 000 евро

Баланс: + 73 000 000

«Лилль» бой клубларни қандай жалб қилишни билади: улар Свен Ботман учун трансфер пойгасини уюштиришди ва «Ньюкасл»дан энг яхши таклифни олишди – 37 млн евро. Ўтган йил «Ҳамбург»дан 12,6 млн еврога Амаду Онанани сотиб олиб, бу йил «Эвертон»га 35 млн еврога пуллашди. Ренату Саншеш билан эса бундай бўлмади, шартномаси якунига етаётган португалиялик яримҳимоячини «ПСЖ» бор-йўғи 15 млн еврога сотиб олди.

«Лилль» таклиф этган барча футболчилар – таниш бўлмаган номлардир. Клуб бир йилдан кейин яна қайси янги номлар билан трансфер бозорига чиқишини вақт кўрсатади.

Мавзуга оид