«Барселона» Испания миллий жамоасининг 30 ёшли яримҳимоячиси Родри «Манчестер Сити»дан трансфер қилинганини расман эълон қилди. Амалдаги жаҳон чемпиони кўк-анорранглилар клуби билан 2030 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолаган. ОАВ маълумотига кўра, ушбу трансфер 60 миллион евро ва қўшимча бонуслар (16,5 миллионгача етади) эвазига ҳал бўлган, футболчи янги клубида ўзининг севимли 16-рақами остида тўп суради.

«Бу унинг ритми»

Каталонияликлар яримҳимоячининг таништирув маросимини 18 август куни ўтказди.

«Барселона» ва «Манчестер Сити» футбол оламида Родри номи билан танилган Родриго Эрнандес Касканте трансфери бўйича якуний келишувга эришган. Футболчи билан шартнома 2030 йил 30 июнига қадар мўлжалланган. Испаниялик ушбу футболчи таянч яримҳимоячиси позициясида ўйнайди ва ўз позициясида дунёнинг энг яхшиларидан бири ҳисобланади. У ўз тактик уқуви, тўп билан совуққон ҳаракатланиши, уни рақибдан олиб қўйиш қобилияти ва узатмалари аниқлиги билан ажралиб туради», – дейилади клуб расмий сайти хабарида.

Кўк-анорранглилар клуби ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам «Олтин тўп» соҳиби шаънига баландпарвоз сўзларни аяшмаган.

«Бу унинг ритми ва ўйини. Макон ва вақт устаси Барселонада тўхтади», – дейилган Родри трансфери анонс қилинган постда.

Футболчининг ўзи каталонияликлар клубига ўтишини орзунинг ушалиши деб атаган.

«„Барселона“ учун ўйнаш – мен учун орзу эди. Мен жамоадошларим билан тезроқ учрашишни жуда хоҳлаяпман, уларнинг кўпчилигини яхши танийман (Педри, Гави, Дани Олмо, Пау Кубарси, Эрик Гарсия, Жоан Гарсия ва Ламин Ямал каби футболчилар унга Испания миллий жамоасида ҳам жамоадош). Чемпионлар лигасида ва олдинда бизни кутаётган бошқа турнирларда ғалаба қозониш учун бор кучимизни ишга солиб, ишлаш вақти келди», – дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради журналист Виктор Наварро.

Трансфернинг молиявий жиҳатлари расман ошкор этилмаяпти. The Athletic хабарига кўра, «Барселона» футболчи учун 60 миллион евро тўлаши кафолатланган. Кўк-анорранглилар яна 16,5 миллион еврогача бўлган маблағни бонуслар кўринишида ўтказиб бериши мумкин. Шундан 11 миллион евро қисми осон эришиладиган бонуслар. ОАВ маълумотига кўра, футболчи учун унинг севимли бўлган 16-рақами берилган, «Барселона»да бу рақам олдин Фермин Лопесга тегишли эди – 23 ёшли яримҳимоячи таниқли футболчи учун бу рақамни бўшатиб берган.

«Барселона» «Реал» билан рақобатда ютиб чиқди