«Манчестер Сити» яримҳимоячиси, Испания миллий жамоаси аъзоси Родри «Барселона»га ўтади. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо ушбу футболчи трансфери ҳал бўлганини маълум қилди.

Қиммат келишув

Романонинг сўзларига кўра, барчаси келишиб олинган – «шаҳарликлар» «Барселона»нинг сўнгги таклифини қабул қилган. Бу трансфер каталонияликларга 70 миллион евродан кўпроққа айланиши мумкин. Аввалроқ Испаниядаги Marca нашри «Олтин тўп» соҳиби бўлган 30 ёшли футболчи учун 60 миллион евро таклиф қилингани, яна 10 миллион евро бонуслар сифатида тўланиши мумкинлигини хабар қилганди. «Сити» эса футболчиси учун 80 миллион евролик нарх белгилаганди, музокаралар давомида эришилган келишувга кўра, футболчи учун ҳозир 60 миллион евро тўланади, инглизлар яна 16,5 млн еврогача бонус олиши мумкин (шундан 11 млн евро осон қўлга киритиладиган бонуслар).

Қайд этиш керакки, 30 ёшли футболчининг шартномаси муддати якунига бир йил қолганди ва агар шу йил сотилмаса, кейинги ёзда текинга кетиши мумкин эди.

Каталонияликлар клуби Родрини сафига қўшиб олмоқчи экани ҳақидаги хабарлар анча олдин тарқалганди. Шу билан бирга, бу ёзда ушбу футболчига «Реал» асосий даъвогар бўлиб турганди – испаниялик футболчи ҳам Мадридга кўчиб ўтишга қарши эмасди, аммо «Барса»дан қизиқиш мавжудлигидан хабар топгач, фикрини ўзгартирди.

Родри – кўк-анорранглилар таркиби учун жиддий кучайиш ҳисобланади. У ғолиблик билан якунланган 2026 йилги жаҳон чемпионатида Испания миллий жамоасига сардорлик қилди. У турнирдаги барча ўйинларда, жумладан, Аргентинага қарши финал баҳсида ҳам иштирок этди ва чемпионлик учун катта ҳисса қўшди.

Ушбу ҳавбек «Манчестер Сити»нинг асосий футболчиларидан бири ва сардори эди – у Англияда ўтган 7 йил мобайнида барча турнирлар доирасида қарийб 300 ўйинда иштирок этиб, барча совринларни қўлга киритди, жумладан, 4 карра Англия чемпиони, ЕЧЛ ғолиби бўлди, 2024 йилда эса «Олтин тўп»га эга чиқди. Transfermarkt футболчини 55 миллион еврога баҳолаган.

Родри «Барса»га қанчалик керак?

Ҳанси Флик «Бавария»да ҳам, «Барселона»да ҳам соф таянч яримҳимоячисига кучли зарурат сезмаган. «Бавария»да у бу позицияда Тиаго Алкантара, Йозуа Киммиҳ ва Леон Горецка каби футболчиларни ўйнатиб кўрган. «Барселона»да эса асли олдинроқда ўйнашга ихтисослашган ҳавбек Френки де Йонгни орқароққа тушириш орқали масалага ечим топган, у ва Педри жуда яхши тандемга айланганди.

Нидерландиялик футболчи майдонга тушишга тайёр бўлмаган вақтларда мураббий Марк Касадо, Марк Бернал ёки Эрик Гарсияни навбатма-навбат таянч зонаси учун синаб кўрди. Лекин уларнинг ҳар бирида алоҳида камчиликлар бор эди: Касадо босим остида ўзини яхши ҳис қила олмайди, сўнгги мавсумда эса ўзининг муҳим хусусияти бўлган тўпсиз ўйнашда ҳам олдингидек эмаслиги кўриниб қолди; Бернал ҳужумларга яхши қўшилади, аммо таянч зонасини ишониш учун ҳали жуда тажрибасиз, у фақат соф таянч яримҳимоячисининг ёнида очилиши мумкин, ўзи асосий таянч яримҳимоячиси бўла олмайди; асли марказий ҳимоячи бўлган Эрик тўпсиз яхши ҳаракатланади, тўп билан эса жуда ишончсиз.