Август ойининг иккинчи ярмида ҳам Европа клубларида қатор шов-шувли трансферлар амалга оширилди.

Мика Годтс

Ёши: 21
Амплуаси: чап қанот вингери
Қаердан: «Аякс»
Қаерга: «ПСЖ»
Трансфер қиймати (Transfermarkt): 45 миллион евро

Ой бошида «Монако» ўнг қанот вингери Магнес Аклиушни трансфер қилган «ПСЖ» бироз ўтиб келгусида топ футболчи даражасига чиқиши мумкин бўлган яна бир истеъдодли вингерни ўз сафига қўшиб олди. Мика Годтс «Аякс» сафида жами 115 ўйинда майдонга тушиб, 26 гол урган ва 28 голли узатма муаллифи бўлган.

У айниқса 2025/26 йиллар мавсумида порлади: Нидерландия чемпионатининг 32 ўйинида 17 гол уриб, 12 ассист амалга оширди. Белгиялик футболчи лигада «гол плюс пас» тизимида энг сермаҳсул футболчига айланди. «ПСЖ» трансфер учун 45 миллион евро тўлади, бонуслар ҳисобига бу сумма 55 миллион еврогача етиши мумкин.

Годтс бу ёзда Парижни тарк этиши кутилаётган Брэдли Барколянинг (унга «Ливерпул» томонидан жиддий қизиқиш мавжуд) ўрнига олиб келинди. У катта эҳтимол билан дастлабки мавсумларда Хвича Кварацхелиядан кейинги иккинчи вариант бўлади ва асосан ички чемпионат ўйинларида майдонга туширилади.

Жед Спенс

Ёши: 26
Амплуаси: ўнг қанот ҳимоячиси
Қаердан: «Тоттенҳэм»
Қаерга: «Интер»
Трансфер қиймати: 30 миллион евро

Дензел Думфрис «Реал»га йўл олганидан кейин «Интер» ўнг қанот ҳимоячисига эҳтиёж сезаётганди – «Тоттенҳэм»да эса идеал вариант топилди. Спенс жамоадошлари фонида сифатли ўйини билан ажралиб турарди ва 2026 йилги жаҳон чемпионатида ҳам ўзини яхши томондан кўрсатди. У нидерландиялик футболчининг йўқлигини сездирмаслик учун барча керакли скилларга эга: прессингда яхши ишлайди ва ҳужумларга ҳам тез-тез қўшилади. «Интер» англиялик ҳимоячи учун 30 миллион евро тўлади, яна беш миллион евро бонуслар кўринишида берилиши мумкин.