Спорт | 13:29 / 05.09.2022
11301
6 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» 65 миллион евро жаримага тортилди, 19 та клуб назоратга олинди – УЕФА қарори

УЕФА 2021/22 мавсумида молиявий фэйр-плей (МФП) қоидаларига амал қилиниши бўйича тафтиш натижаларини эълон қилди. Унга кўра, қоидабузарликка йўл қўйган бир қанча клуб жазоланадиган бўлди.

Умумий ҳисобда 8 та клуб жаримага тортилди ва яна 19 таси, жумладан, Премьер-Лиганинг бир қанча топ-клублари УЕФА назорати остига олинди.

Қуйида санкцияга тушган клублар рўйхатини тақдим қиламиз.

«Париж Сен-Жермен» | 65 миллион евро

«ПСЖ» МФП қоидаларини энг кўп бузган клуб деб топилди. Парижликлар жуда катта – 65 миллион евро миқдорида жаримага тортилди. Улар 10 миллион еврони олдиндан тўлашга мажбур, қолган 55 миллион евро эса шартли жазо. Унинг тўланиши УЕФА томонидан қўйилган талабларни бажара олишига боғлиқ.

«ПСЖ» 2021 йил ёзида жуда катта харажат қилди. Жумладан, қоидабузарликда Лионел Месси ва Жанлуижи Доннарумма каби юлдузлар шартномаси ҳам «катта рол» ўйнади.

«Рома» | 35 миллион евро

«Рома»нинг Европа Конференциялар Лигасидаги ғалабаси қимматга тушди. Италияликлар 35 млн евро миқдорида жаримага тортилди. Худди «ПСЖ» клуби каби бу пулнинг ҳаммаси олдиндан тўланиши шарт эмас.

«Рома» 5 миллион еврони бўнак ҳисобида тўлайди. Қолган қисми УЕФА қўйган талабларнинг қандай бажарилишига боғлиқ.

2021 йил ёзида «Рома» 40 млн евро эвазига Тэмми Абраҳамни олган эди. 

Жозе Моуриньо шогирдлари Конференциялар Лигасидаги ғалабадан сўнг, бу мавсумда Европа Лигасида иштирок этишади.

«Интер» | 26 миллион евро

А Сериянинг яна бир клуби «Интер» ҳам МФП қоидалари чегарасидан чиқиб кетди ва 26 миллион евро миқдорида жаримага тортилди. Шундан 4 миллион евро олдиндан тўланади.

«Интер» ўтган мавсумда Италия чемпионлигини асосий рақиби «Милан»га бой берди. Иккинчи ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигаси 2022/23 мавсуми иштирокчисига айланди.

«Ювентус» | 23 миллион евро

«Ювентус» ҳам Италиядаги бир қанча клублар қатори УЕФА томонидан жаримага тортилди. Унинг миқдори 23 миллион еврога тенг, шундан 3,5 миллион евро олдиндан тўланади.

Туринликлар 2022 йил январь ойида «Фиорентина» ҳужумчиси Душан Влахович трансфери учун 81,6 млн евро беришди.

Ўтган мавсумда «Ювентус» чемпионатда ғалаба қозона олмади, аммо Массимилиано Аллегри жамоасини Чемпионлар лигасига олиб чиқишга муваффақ бўлди.

«Милан» | 15 миллион евро

УЕФА томонидан жазоланадиган Италия клубларининг тўртинчи ва охиргиси – «Милан». Жарима миқдори А Серия клублари орасида энг кам – 15 миллион еврога тенг. Шундан 2 миллион евро олдиндан тўланади.

«Милан» 2021/22 мавсумида катта харидларни амалга оширмади, бироқ, ўтган йиллардан қолган қарзлар ўз сўзини айтди.

«Россонери» мавсум якунида Италия чемпионлигини қўлга киритди.

«Бешиктош» | 4 миллион евро

Рўйхатдаги топ-5 лига вакили бўлмаган ягона клуб - «Бешиктош». Қизиғи шундаки, ўтган мавсумда истанбулликлар Туркия Суперлигасини 6-ўринда якунлашди ва еврокубокларда иштирок этмайдиган бўлишди.

Уларга қўйилган жарима миқдори 4 миллион еврони ташкил этади, шундан 600 минг евро шартсиз тўланиши керак.

«Монако» | 2 миллион евро

Лига 1 клублари харажатлар борасида «ПСЖ» билан рақобатлаша олмайди. «Монако» бунга «уриниб кўрди» ва МФП қоидаларини бузиб, жаримага тортилди.

Албатта қоидабузарлик рақибига нисбатан унчалик катта бўлмади. Клуб 2 млн евро жаримага тортилди, шундан 300 минг еврони олдиндан тўлайди.

Ўтган мавсумда «Монако» Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди, аммо саралашдан ўта олмади. Шу боис улар Европа Лигаси мавсумига ҳозирлик кўрмоқда.

«Марсель» | 2 миллион евро

«Марсель»да ҳам вазият шундай. Клуб ўтган мавсумда «ПСЖ»га қарши курашиш учун бор кучини сарфлади, жумладан пулларни ҳам. Қишда Самуэль Жиго, Сеад Колашинац, Седрик Бакамбу трансферлари амалга оширилди. Якунда чемпионатда иккинчи ўринни эгаллади ва Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Клуб УЕФА томонидан 2 млн евро жаримага тортилди, шундан 300 минг еврони олдиндан тўлайди.

19 та клуб назорат остида

Кўплаб клублар МФП қоидаларини бузишга яқин эди, бироқ, COVID-19 билан боғлиқ юмшатишлар туфайли жазодан қутулиб қолишди. УЕФА уларни алоҳида назорат остига олган.

Ҳозирда 19 та клуб кузатилмоқда: «Барселона», «Базель», «Челси», «Боруссия Дортмунд», «Фенербаҳче», «Фейеноорд», «Лацио», «Лестер», «Лион», «Манчестер Сити», «Наполи», «Рейнжерс», «Бетис», «Антверпен», «Севилья», «Трабзонспор», «Унион Берлин», «Вольфсбург» ва «Вест Ҳэм».

УЕФА 2022/23 мавсумида молиявий фэйр-плей (МФП) қоидаларига амал қилиниши бўйича тафтиш натижаларини кейинги йили эълон қилади. Унда COVID-19 бўйича юмшатишлар инобатга олинмайди.

Мавзуга оид