Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) эркаклар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини бойкот қилиш ҳақидаги қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда ташкилот ФИФА халқаро турнирларни қисман хусусийлаштириш режасидан расман воз кечганидан кейин маълум қилди.

УЕФА баёнотига кўра, турнирларга бўлган ҳуқуқларни сотиш режасидан воз кечиш бойкотни бекор қилиш учун қўйилган шартларнинг фақат бир қисмини ташкил этади.

«Футбол моҳиятини ўзгартиришга қаратилган бундай уринишлар келажакда бошқа такрорланмаслигига аниқ кафолатлар берилиши лозим. Бу шартлар бажарилгани йўқ. Шунингдек, УЕФА аввалги баёнотида ФИФА президентига бўлган ишонч йўқолганини очиқ айтган эди ва бу позиция ўзгармаган», — дейилади AFP келтирган баёнотда.

5 август куни Марокашда бўлиб ўтган ФИФА бошқарувининг фавқулодда йиғилишидан сўнг халқаро федерация миллий ва минтақавий футбол ташкилотларига йўллаган мактубида баҳсларга сабаб бўлган режа учун самимий узр сўраган ва бундай ҳолатлар такрорланмаслигига ваъда берган.

Шу билан бирга, ФИФА бош котиби Маттиас Графстрём ҳамда бошқарув аъзолари танқидларга қарамай, ташкилот президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашини билдирган. ФИФА ўз фаолиятини олинган тажрибадан келиб чиқиб янада такомиллаштиришини маълум қилган.