Фан-техника | 12:08 / 18.09.2022
60845
2 дақиқада ўқилади

Кўз равшанлигини таъминловчи икки антиоксидант аниқланди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунё бўйича тахминан 2,2 миллиард кишининг кўриш қобилияти сусайган. Уларнинг катта қисмини 50 ёшдан ошган одамлар ташкил этади. 

АҚШ олимлари кўриш қобилияти ёмонлашишининг олдини олиш бўйича тажриба ўтказди.

«Аслида нигоҳларнинг ўтмаслашиши 40 ёшдан бошланади. Вақт ўтган сари узоқ ёки яқинни кўриш қобилияти заифлаша боради. Кексайганда эса аксарият кишилар газета-журнал ва китобларни кўзойнаксиз ўқишга қийналиб қолади. Баъзиларда эса кўриш қобилияти томоман йўқолади.

АҚШнинг Бетесда миллий кўз институти мутахассислари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида ушбу муаммонинг олдини олиш йўли аниқланди.

Яъни олимлар иккита антиоксидант ёрдамида кўз ожизлиги хавфини чорак фоиздан кўпроқ камайтириш мумкинлигини исботлади. Бунинг учун илгари ишлаб чиқилган мавжуд озуқавий қўшимчалар формуласи ўзгартирилди.

Беш йил давом этган ва 4000 нафарга яқин киши қатнашган тажриба иштирокчиларидан бир гуруҳи С витамини, мис, рух ва бета-каротинни ўз ичига олган қўшимчаларни қабул қилди. Иккинчи гуруҳ янги формулага асосан тайёрланган, яъни лутеин ва зеаксантин антиоксидантлари билан бойитилган доривор таркибга эга қўшимчалардан фойдаланди.

Якунда янги формулага эга озуқавий қўшимча кўз ўтмаслашиши хавфини 26 фоизга камайтириши аниқланди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.