Ўзбекистон | 15:55 / 21.09.2022
5890
2 дақиқада ўқилади

Хусусий сектордаги аёлларга 1 млн 992 минг сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилади

Юридик шахсларда охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга давлат бюджети ҳисобидан ходимнинг фарзанди туғилгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баробари миқдорида нафақа тўлаб берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги олти ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга давлат бюджети хисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши тартиби тасдиқланди. 

Унга мувофиқ, давлат бюджети  ҳисобидан ходимнинг фарзанди туғилгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг 4 баробари – 1 млн 992 минг сўм миқдорида нафақа тўлаб берилади. 

Маълумот учун, Ўзбекистонда бир киши учун минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 минг сўмни ташкил қилади.

Нафақа тайинлашда нафақа олувчига оид маълумотлар автоматик текширилади:

  • Нафақа олувчининг 6 ой давомида бир корхонада узлуксиз банд бўлганлиги (Ягона миллий меҳнат тизими" идооралараро дастурий-аппарат комплексида текширилади);
  • меҳнатга хақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжудлиги (Давлат солиқ қўмитаси базасидан текширилади;
  • Бюджет ташкилотларида ишлаши/ишламаслиги (Молия cазирлигининг "УзАСБО" дастурий мажмуаси оркали автоматик равишда текширилади).

Юқоридаги талабларга жавоб берадиган аёлларга декрет пули тўлаб берилади.  

Нафақа тайинлаш учун нафақа олувчи ҳеч қаерга мурожаат қилиши шарт эмас - жараён проактив тарзда амалга оширилади.

Аввалроқ, Молия вазирлиги департамент директори Гулнора Муродова Kun.uz билан суҳбатда хусусий секторда банд бўлган аёлларга декрет пули қандай тўлаб берилиши, қандай талаблар қўйилиши ва нафақа олувчи нафақа пулини қандай олиши борасида маълумот берганди.

Интервьюни бу ерда тўлиқ ўқиш мумкин.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид