2022 йил 27 сентябрь куни “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасининг Япон боғида янги ижтимоий аҳамиятга эга “GO Wasteless” экологик лойиҳаси ва “Wasteless” инновацион мобиль иловасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Go Wasteless” лойиҳаси – бу Ўзбекистоннинг экологик муаммоларини ечишга салмоқли ҳисса қўшишни истаган масъулиятли ва манфаатдор ташкилот ва ҳамкорларнинг уюшмасидир.
Ушбу лойиҳа ташаббускори Ўзбекистондаги Coca-Cola компанияси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Ekomaktab” экологик ресурс маркази жамоат экологик ташкилоти билан ҳамкорликда Coca-Cola фондининг (The Coca-Cola Foundation) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
“GO Wasteless” лойиҳаси жамоат овқатланиш секторининг (HoReCa сектори) қайта ишланадиган чиқиндиларини интеллектуал йиғиш ва “Wasteless” мобиль иловаси ёрдамида тўплаш ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйишни таъминлашга йўналтирилган. Ресторанлар, кейинчалик эса бошқа чиқинди ишлаб чиқарувчилар сифатли чиқиндиларни тўғридан-тўғри қайта ишлаб чиқарувчиларга сотиш имкониятига эга бўлишади. “Wasteless” мобиль иловаси орқали ўзаро ҳамкорлик сақлаш ва ташишга харажатларни сезиларли даражада камайтиради. Маиший чиқиндиларни тезкор йиғиш ва қайта ишлаш атроф-муҳит ифлосланишини маълум даражада олдини олади ҳамда шаҳарларни аҳоли, сайёҳ ва меҳмонлар учун тозароқ ва кўркамроқ бўлиб сақланишига олиб келади.
Ҳозирги вақтда “GO Wasteless” лойиҳаси Тошкент шаҳри доирасида бошланди. Кейинчалик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашга йўналтирилган ушбу тизимни Ўзбекистоннинг бошқа шаҳар ва йирик туристик марказларида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

“Wasteless” мобиль иловаси ишга туширилиб, дастлабки синовдан ўтди ва қулай ва тушунарли режимда тезкор ишлаётгани аниқланди. 2022 йилнинг охирида GO Wasteless лойиҳасининг ишчи жамоаси Тошкентдаги жамоат овқатланиш секторининг 1000 га яқин жойини иловага улашни мақсад қилиб қўйган. Ҳозирги вақтда улардан 200 дан ортиғи ушбу лойиҳада иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди. Бу эса бизнеснинг атроф-муҳит тозалигини сақлаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш мақсадини кўзлаётганидан далолат беради.
“GO Wasteless” лойиҳасини амалга оширишда жамоат овқатланиш нуқталарининг энг экологик ва масъулиятли жойларини “GO Wasteless” белгиси билан белгилаб бориш кўзда тутилмоқда. Бу HoReCa вакилларининг экологияга бўлган дўстона ва бефарқ бўлмаган муносабатларини ифода этишда ўзига хос усул бўлади ҳамда чиқиндиларни ажратиб йиғиш жараёнини оммалаштиришга хизмат қилади.









