13:57 / 05.10.2022
12677

Сеул ва Вашингтон Шимолий Корея ҳаракатига жавобан ракета учирди

Америка ва Жанубий Кореянинг ATACMS ракеталари Япон денгизи томон йўналтирилди. Айни вақтда, Жанубий Корея томонидан учирилган ракеталардан бири ҳарбий база ҳудудига тушган.

Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея бир кун аввал Шимолий Корея баллистик ракета учирганига жавобан иккита ер-ер синфидаги ракета синовини ўтказди. Бу ҳақда 5 октябр, чоршанба куни Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» ахборот агентлиги мамлакат бош штаби маълумотларига таяниб хабар берди. 

Таъкидланишича, Америка ва Жанубий Кореянинг ATACMS ракеталари Япон денгизи томон йўналтирилган. Шу билан бирга, Жанубий Корея томонидан отилган ракеталардан бири ҳарбий база ҳудудига тушган, бу ҳодисада қурбонлар йўқ. 

Шимолий Корея сентябр ойи охиридан бери камида бешта ракета учириб, тўртта синовни амалга оширди. 

4 октябр куни Шимолий Корея томонидан учирилган ўрта масофали баллистик ракета Япониянинг Хонсю оролидаги Тохоку ҳудуди устидан учиб ўтиб, Токио, Сеул ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзоларини ғазаблантирди. 

Хусусан, АҚШ президенти Жо Байден ва Япония бош вазири Фумио Кисида қўшма баёнотида синовни «энг қатъий тарзда» қоралади. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам «аниқ кескинлашув» ҳақида гапирди. 

Ўз навбатида, Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Пхенян ўз мамлакати ҳарбийлари, иттифоқчилари ва халқаро ҳамжамиятнинг «қаттиқ реакциясига дуч келишига» ваъда берди. 

Top