Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги Сиёсий ишларни режалаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва вазирлик афғон масалалари бўйича махсус гуруҳ раиси Абдуллоҳ бин Холид бин Сауд ал-Кабир Ол Сауд билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Томонлар ўртасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида афғон инқирозини ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва жадаллаштириш, Афғонистонда амалга оширилаётган лойиҳаларга Саудия томони маблағларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шаҳзода Абдуллоҳ бин Холид Ол Сауд жорий йил 25-26 июль кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича ташкил этилган халқаро конференцияда ўзи бошчилигидаги Саудия Арабистони делегацияси иштироки хусусида тўхталар экан, тадбир юқори савияда ўтганини таъкидлади. Унинг айтишича, конференция Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашувини таъминлаш каби масалаларни ечишда муҳим майдонга айланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда амалга оширилаётган лойиҳаларда Саудия томони иштирокини таъминлаш бўйича музокараларни давом эттириш ва бу йўналишдаги муносабатлар истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакилининг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.