Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Севастополдаги Қора денгиз флоти дронлар ҳужумига учради
Бир қатор портлашлардан сўнг Севастопол кўрфази орқали ўтадиган сув тўсиб қўйилди. Шаҳарнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасидаги алоқа ҳозирча фақат автобуслар орқали амалга оширилмоқда.
Севастопол кўрфази ва унда жойлашган Россия Қора денгиз флотининг кемалари 29 октябр, шанба куни учувчисиз учиш аппаратлари томонидан ҳужумга учради, деб хабар берди Севастопол «губернатори» Михаил Развожаев Telegram-каналида.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум эрталаб соат 4.30да бошланган ва бир неча соат давом этган, натижада унинг таъкидлаганидек, барча дронлар уриб туширилган. Бундан ташқари, россиялик ҳарбийлар кўрфаз сувларида ерусти учувчисиз учоқни йўқ қилди, деб ёзади Развозжаев.
Унинг қўшимча қилишича, Севастопол касб-ҳунар коллежи ётоқхонасида «баланд овоздан» дераза ойнаси синиб кетган, бироқ ҳеч ким жабрланмаган.
Шу билан бирга, Украина оммавий ахборот воситалари Севастопол аҳолисига таяниб, соат 5:00лар атрофида «омборга зарба берилгани» ҳақида хабар қилди ва портлаш лаҳзасини акс эттирувчи гувоҳлар видеосини эълон қилди.
Севастопол кўрфазига учувчисиз учоқлар ҳужуми ва қатор портлашлардан сўнг у ерда шаҳарнинг шимолий ва жанубий қисмларини боғловчи ўтиш жойи тўсиб қўйилди. Энди улар орасидаги алоқа фақат автобуслар орқали амалга оширилади, қайиқ ва яхталар бормайди.
19 октябр куни Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Севастопол шаҳрида, шунингдек, Россия Федерациясининг олтита минтақасида мамлакат президенти Владимир Путин фармони билан «ўртача жавоб қайтариш» ҳолати жорий этилди. Бу режим аҳолини бошқа жойга кўчириш ва уларнинг ҳаракат эркинлигини чеклаш имконини беради.
31 июлдан Севастополда Қора денгиз флоти штаб-квартирасига учувчисиз учоқлар ҳужумидан кейин жорий қилинган юқори даражадаги террор таҳдиди режими ҳам амал қилмоқда. 28 октябрда у 12 ноябргача узайтирилди.