18:31 / 03.11.2022
22989

Покистон собиқ бош вазири яраланди, унинг кортежи ўққа тутилган

Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон тўпиқ соҳасидан ўқ еди, мамлакат шимоли-шарқидаги йирик Лаҳор шаҳридан 150 км масофада унинг автокарвонини ўққа тутишган. Хон муддатдан олдинги сайловлар ўтказиш талаби билан пойтахт Исломобод томон ҳаракатланган норозилик маршига бошчилик қилаётганди.

Собиқ бош вазир партияси аъзоларининг айтишича, отишма оқибатида яна тўрт киши ҳалок бўлган.

AFP агентлиги собиқ бош вазир ёрдамчиси Рауф Ҳасанга таяниб хабар беришича, ҳужум қилганлардан бири отиб ўлдирилган. «Яна бир киши полиция томонидан қўлга олинди», дея қўшимча қилган у. Унинг сўзларига кўра, ўқ оломон ичидан туриб узилган.

Партиянинг яна бир фаоли Асад Умар Reuters мухбирига автоматик қуролдан ўт очилганини айтган. Dawn TV маълумотига кўра, Имрон Хоннинг оёғига уч ёки тўртта ўқ теккан.

Маҳаллий нашрларига кўра, 70 ёшли сиёсатчи шифохонага ётқизилган, унинг ҳолати шифокорлар томонидан хавотирли деб баҳоланмаяпти.

«Бу унга суиқасд эди, сиёсий қотиллик содир этишга уриниш бўлди», деган Рауф Ҳасан.

Лаҳордан 375 километр масофадаги Исломободга норозилик юриши ўтган ҳафта жума куни бошланганди (бу йил давомида иккинчиси). Бутун акция давомида юк машинаси юк контейнерини (ўқдан зирҳ билан ҳимояланган) тортиб келаётганди ва ҳар куни Хон унинг устига чиқиб, автокарвон йўналишидаги шаҳар ва қишлоқларда йиғилган аҳоли учун нутқ сўзларди.

Бу сурат ҳам шу кунларда олинган. Фото: EPA

Ўтмишда таниқли крикет ўйинчиси бўлган Имрон Хон 2018 йилда мамлакат раҳбарлигига келганди. 2022 йил апрелида эса парламент ишончсизлик вотуми эълон қилиши ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Шундан буён Хон муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши учун кампания ўтказиб келмоқда - ҳозирги ҳукумат ҳокимиятга сайловларсиз келган ва бу ҳукумат сайлов белгиланганидек 2023 йилда ўтказилишини таъкидламоқда.

Имрон Хон Россия билан муносабатларни яхшилашга интилган ва 24 феврал куни, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганида Москвага ташриф билан борганди ва президент Владимир Путин билан режалаштирилган учрашувни бекор қилмаганди.

Кремлга мойил бўлган политологлар Покистонни Россия Ғарб билан қарама-қаршилик шароитида шерик қидирадиган давлатлар қаторига киритган.

Август ойида, бу вақтга келиб Имрон Хон аллақачон истеъфога чиққанди, Покистон Украина учун советлар даврига мансуб 122 миллиметрли артиллерия ўқ-дорилари етказиб бераётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Снарядлар етказиб берилишида Британия ҳарбий-транспорт авиацияси иштирок этган; ОАВ маълумотига кўра, Буюк Британия бетараф мамлакатлардан Украина эҳтиёжлари учун советлар даври намунасидаги қуроллар ва ўқ-дориларни фаол равишда қидирган.

2007 йилда Покистонда сиёсий митинг чоғида мамлакат собиқ бош вазири Беназир Бхутто ўлдирилганди.

Top