15 октябр куни Покистон шимоли-ғарбидаги Пешовар шаҳрида хусусий мактаб томи қулаб тушиши оқибатида ўнлаб ўқувчилар ҳалок бўлди.

Reuters хабарига кўра, ҳодиса оқибатида иккинчи ва учинчи синф ўқувчилари бўлган 34 нафар бола вайроналар остида қолиб кетган, шунингдек, қурбонлар орасида бир ўқитувчи ҳам бор.

Яна 50 киши турли даражада тан жароҳати олган, улардан бир нечасининг аҳволи оғир.

Шифохонада маълум қилишларича, ҳалок бўлган ва жароҳатланган болаларнинг барчаси 6 ёшдан 12 ёшгача бўлишган.

Қутқарув хизмати вакилига кўра, мактабнинг учинчи қавати томи ўпирилиб, учинчи ва иккинчи қаватлар оралиғидаги ёпма устига тушган ва улар биргаликда синфхоналардаги ўқувчиларнинг устига қулаган.

Қутқарувчилар воқеа жойига беш дақиқа ичида етиб келишган, бир неча соат ўтиб қидирув-қутқарув ишлари якунланган.

Пешовар полицияси бошлиғи Миан Саид мактабда 110 нафар ўқувчи бўлганини билдирди. Унинг айтишича, мактаб конструкцияси мустаҳкам бўлмаган бинода фаолият юритиб келган. Мактаб эгаси ҳибсга олинган, у содир бўлган воқеада томга тушаётган юкни оширган ёмғирни айбламоқда.

Associated Press нашри Покистонда биноларнинг бундай қулаши тез-тез учрашига, чунки қурилишда кўпинча сифатсиз материаллардан фойдаланилишига эътибор қаратган. Бироқ бугунги фожиа мамлакат тарихидаги энг йирик фожиа бўлди.

Маҳаллий расмийлар воқеа сабабларини текшириш билан шуғулланадиган комиссия тузилганини эълон қилди.