Аввалроқ Самарқандда 15 суткага қамалган йигит жазони ўташ муассасасидан тирик чиқмагани ҳақида эшитган бўлсак, бир неча кун ўтиб Фарғона вилоятидаги ички ишлар муассасаларидан 2 фуқаронинг ўлиги чиққанидан хабар топдик

Аммо ҳозирча бу воқеалар юзасидан на Ички ишлар ишлар вазири ва на тизимнинг ҳудуддаги раҳбари тушунтириш ёки изоҳ бермади. Гўё бу каби ҳолатлар, инсонлар ўлими худди одатий, тез-тез қайтарилиб туриши керак бўлган ҳолдек. 

Терговда, сақлаш хонасида одам ўлади, яқинлари марҳум қийноққа солингани, унинг танасида жароҳат излари очиқ-ойдин кўриниб турганини айтиб дод солади, ОАВ уни ёритади, жамоатчилик хавотирларини билдиради, аммо бу дод-фарёдларга бирор масъул жавоб бермайди. Узоғи, марҳумлар қандайдир касаллик билан ўлгани ҳақидаги икки-уч қаторли маълумотларнигина ўқиймиз холос.

Kun.uz:

— яқин икки ҳафта ичида Ўзбекистонда ички ишлар идораларининг фуқароларни вақтинча сақлаш муассасаларидан учинчи ўлик чиқмоқда. ИИВ марҳумларнинг ўлимига улардаги касалликлар сабаб бўлаётганини айтди, аммо марҳумлар танасидаги моматалоқ излари, уларнинг яқинлари бераётган баёнотлар марҳумларнинг касалликдан эмас, оғир қийноқ ва зарбалар таъсиридан ўлганини кўрсатаётгандек.

Учала ҳолат бўйича сиз раҳбарлик қилаётган Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан қандайдир мустақил текширувлар ўтказиш имкони бўлдими?

Абдураҳмон Ташанов:

— Мен масалага сал кенгроқ тўхталган бўлардим. Масалан, қийноқ ўзи нима ва у қандай юзага келади? Бизда қачондан бери бор? У ҳақда халқаро конвенцияларда нима дейилган-у, миллий қонунчилигимиз нима дейди?

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексида қийноққа солиш бўйича алоҳида моддалар бор. Бу процессуал ҳаракатлар давомида маҳкум, гумонланувчи ёки жазони ўтаётган шахсларни қийноққа солиш билан боғлиқ.