Тадбирда вазирлик, идоралар раҳбарлари, Хитойнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, хорижий лойиҳа компаниялари, жумладан, Россия, Эрон, Туркия, Хитой хорижий давлатларининг лойиҳа бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими Мирзаев Зойир Тоирович очиб бериб, вилоятда қурилиши амалга оширилаётган мазкур йирик гидроэнергетик иншоот хусусида тўхталиб, Чотқол дарёсидаги йирик лойиҳанинг вилоят энергетика тизимида муҳим аҳамият касб этиши, вилоят аҳолисини экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шундан сўнг “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб, хусусан, “Қуйи Чотқол” ГЭСнинг техник хусусиятлари ва аҳамияти хусусида маълумот берди.

Маълумот ўрнида, “Қуйи Чотқол” ГЭС қурилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, барпо этилаётган ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн кВт соатга тенг.

Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн м3гача табиий газ иқтисод қилиш имкониятини беради. Қурилиши бошланаётган Қуйи Чотқол сув омборининг лойиҳа бўйича умумий баландлиги 50 метр, сув тўплаш ҳажми 6,8 млн м3га тенг. Янги иншоот 60 ой давомида, яъни 2021–2025 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топширилиши режалаштирилган. Қайд этилган кўрсаткич, келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. Мазкур қуриладиган иншоотлар келажакда халқимизга 100 йил давомида хизмат қилади.