“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов Хитойнинг йирик давлат энергетика корпорацияларидан бири — “China Energy International Group” раҳбарияти билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–163-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар халқаро инвестицияларни жалб этиш, истиқболли гидроэнергетика лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, замонавий технологиялар ҳамда илғор муҳандислик ечимларини жорий этиш масалаларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, Жамият тизимидаги лойиҳа институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, кадрлар алмашинуви ва мутахассислар малакасини ошириш орқали ўзаро тажриба алмашиш имкониятларига эътибор қаратилди.

Узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро илғор тажрибани маҳаллий шароитга татбиқ этиш орқали Ўзбекистон гидроэнергетика тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, амалий шерикликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мазкур ҳамкорликнинг аҳамияти “China Energy International Group”нинг халқаро энергетика бозоридаги мавқеи, йирик инфратузилма объектларини барпо этиш тажрибаси ва комплекс муҳандислик ечимларини амалга ошириш салоҳияти билан белгиланади.

“China Energy International Group” — йирик гидроэнергетика лойиҳаларида халқаро тажрибага эга ҳамкор

“China Energy International Group” Хитойнинг йирик давлат энергетика ва муҳандислик корпорацияси — “China Energy Engineering Group” (“Energy China”) таркибидаги халқаро тузилма бўлиб, Хитой ва хорижий бозорларда йирик энергетика объектларини лойиҳалаш ҳамда қуришда катта тажрибага эга. Корпорация гуруҳига кирувчи “China Gezhouba Group Corporation” каби муҳандислик-қурилиш компаниялари дунёдаги йирик гидроэнергетика лойиҳаларида иштирок этган.