09:25 / 06.12.2022
5873

Бричанидаги ракета бўлаклари: Молдова вазият назорат остида эканини билдирди

Молдова ҳукумати Бричанида ракета бўлаклари топилган бир пайтда, «вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун бор кучини сарфламоқда», деди мамлакат бош вазири.

Молдова бош вазири Наталя Гаврилица

Молдова ҳукумати Чегара полицияси томонидан мамлакат шимолида, Украина билан чегарага яқин жойлашган Бричани шаҳри яқинида ракета парчалари топилган бир пайтда, «вазиятни назорат остида ушлаб туриш учун бор кучини сарфламоқда». Бу ҳақда 5 декабрь, душанба куни Молдова бош вазири Наталя Гаврилица маълум қилди.

«Украинада ракета ҳужумларининг янги тўлқини кузатилмоқда, бу бизнинг мамлакатимиз учун бевосита оқибатларга олиб келади», деди вазирлар маҳкамаси раҳбари.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Чегара полицияси ракета парчалари тушган ҳудудни ўраб олган. Воқеа жойида Ички ишлар вазирлиги ходимлари, "Бомбтех" хизмати мутахассислари, Фавқулодда вазиятлар бош инспекцияси ишламоқда, деб хабар бермоқда Noi.md маҳаллий ахборот портали. Унга кўра, Бричанига миллий армия муҳандислари гуруҳи ҳудудни ўрганиш учун юборилган.

Шу билан бирга, мамлакатнинг электр тармоқлари оператори "Молдэлектрика" компанияси энергия тизимида электр таъминотидаги узилишларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида маълум қилди. Бунга Украинани оммавий ўққа тутиш сабаб бўлди, дея тушунтирди компания.

«Биз фуқароларимиз учун хавфли вазиятлар юзага келмаслигининг олдини олиш мақсадида ҳамма нарсани қиламиз», деди Гаврилица.

Вазирлар маҳкамаси раҳбари Украинадаги фуқаролик объектларига қилинган ҳужумларни кескин қоралади ва Украина халқи билан бирдамлигини тасдиқлади. У ракета парчаларининг келиб чиқиши ҳақида изоҳ бермади.

Октябрь ойи охирида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилган ракета парчалари Молдованинг чегара ҳудудига тушган эди. Молдова шимолида украиналик ҳарбийлар томонидан уриб туширилган рус ракетаси қулади, дея маълум қилди ўшанда Кишинёвдаги Ички ишлар вазирлиги.

«Ракета Украина билан чегарада жойлашган Молдованинг Наславча қишлоғи шимолий қисмига қулаб тушди. Ҳозирда қурбонлар йўқ, Наславчадаги бир нечта уйларнинг деразалари синган», - деб маълум қилди 31 октябр куни Молдова идораси матбуот хизмати. Наславча қишлоғи тўғридан тўғри Винница вилоятининг ёнида жойлашган, чегара Днестр дарёси орқали ўтади.

5 декабрь, душанба куни Россиянинг Украина муҳим инфратузилмасига янги ракета зарбалари қайд этилди. Ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш деярли бутун мамлакат бўйлаб янгради. Черкасск, Запорижжя, Киев, Винница, Одесса вилоятлари, Харкив ва Херсонда портлашлар содир бўлди. Одесса, Житомир ва Николаевда электр энергияси қисман ўчирилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top