Жаҳон | 08:03 / 07.12.2022
8950
3 дақиқада ўқилади

Курск ва Белгород вилоятларида ҳудудий мудофаа отрядлари тузиляпти

Курск вилояти губернатори Роман Старовойт минтақани ҳимоя қилиш учун халқ отряди тузилиши тўғрисида эълон қилди. 

Фото: Вячеслава Гладкова

«Курск вилояти яна давлат чегараларини ҳимоя қилмоқда. Биз «Патриот» халқ отрядини тузмоқдамиз. Кўнгиллилар жиддий саралаш ва жанговар тайёргарликдан сўнг ҳарбийларга минтақа ҳудудини ҳимоя қилишда ёрдам беришади», - деб ёзди у Telegram'да. 

Аввалроқ, Россия Федерациясининг Украина билан чегарадош бошқа вилояти – Белгород губернатори ҳудудий мудофаа бўлинмалари ташкил этилишини маълум қилган эди. 

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши бошланганидан бери иккала вилоят ҳам ўққа тутиляпти.

Бундан олдин Россиянинг икки вилоятида 6 декабрь, сешанба куни учувчисиз учиш аппаратлари (УУА) томонидан янги ҳужумлар содир этилгани хабар қилинганди. 

Курск вилояти губернатори Роман Старовойтнинг маълум қилишича, дрон ҳужуми натижасида Курск аэродроми ҳудудида нефть сақлаш танкери ёниб кетган. У гап қайси аэродром ҳақида кетаётгани ва ҳужум натижасида қандай зарар кўрилганга аниқлик киритмаган. «Жабрланганлар йўқ. Ёнғин бартараф этилмоқда. Воқеа жойида барча махсус хизматлар ишламоқда», деб ёзди Старовойт ўзининг Telegram-каналида. 

Курск губернаторининг сўзларига кўра, ёнғин туфайли яқин атрофдаги иккита мактабда дарсларни тўхтатишга қарор қилинган. Mash Telegram-канали ёнғин акс этган видеони эълон қилди, унинг муаллифи ёнғин Курск аэропортида содир бўлганини даъво қилмоқда. 24 февралдан буён ушбу аэропорт Украинадаги уруш туфайли Федерал ҳаво транспорти агентлиги буйруғи билан ёпилган. 

Ўз навбатида, Baza Telegram-канали Брянск вилоятида дронлар Россия ва Украина чегарасидан 80 километр узоқликдаги «Слава» комбинатига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Улар ёнилғи бакларидан бир неча метр узоқликда қулаган, жиддий ёнғин келиб чиқмаган. 

Бир кун аввал Россия ОАВ Саратов вилоятининг Энгелс шаҳридаги аэродромнинг учиш-қўниш йўлагига учувчисиз учоқ қулагани ҳақида хабар берган эди. Оқибатда иккита Ту-95 бомбардимончи самолётига зарар етгани, икки нафар ҳарбий хизматчи касалхонага ётқизилгани хабар қилинган. Шу билан бирга, Рязан вилоятидаги аэродромда ёнилғи ташувчи автомашинанинг портлаши оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот келди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид