25 июл, шанбага ўтар кечаси Белгород вилояти ва унинг маъмурий маркази Белгород шаҳри учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учради. Бу ҳақда вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Александр Шуваев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида шаҳар кўчаларида айрим объектларга зарар етган ва ёнғинлар келиб чиққан. Ҳодиса жойларида ўт ўчириш гуруҳлари иш олиб бормоқда. Шуваев жабрланганлар ҳам борлигини билдирган, аммо уларнинг аниқ сонини очиқламаган.

Украинанинг Exilenova мониторинг канали маълумотларига кўра, Белгородда логистика омборлари ҳамда энергетика инфратузилмаси объектлари зарба остида қолган. Хусусан, «Южная» электр нимстанцияси ва «Луч» иссиқлик электр марказига зарба берилгани айтилмоқда. Мазкур маълумотлар мустақил равишда тасдиқлангани ҳақида хабар берилмаган.

Ростов-Донда ҳам ёнғин кузатилди

Ростов-Дон шаҳрига ҳам дронлар ҳужум қилгани ҳақида маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда хабар тарқатди. Шаҳар раҳбари Александр Скрябин ҳужум бўлганини тасдиқлаган, бироқ унинг оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси ижтимоий тармоқларда камида бир жойда йирик ёнғин кузатилаётгани акс этган видео ва суратларни эълон қилган.

Энгелсда ҳарбий қисм ҳудудида йирик ёнғин чиқди

25 июлга ўтар кечаси Саратов вилоятининг Энгелс шаҳрида ҳам катта ёнғин содир бўлди. Exilenova лойиҳаси маълумотларига кўра, ёнғин ҳарбий аэродром яқинида жойлашган 22-гвардия оғир бомбардимончи авиация дивизияси штаби ҳудудида чиққан бўлиши мумкин.

Бироқ лойиҳа дастлабки маълумотларга асосланиб, ҳарбий объектдаги ёнғин дрон ҳужуми натижасида келиб чиққанини тасдиқлаш имкони йўқлигини таъкидлаган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳарбий казармалардан биридаги бино ўзидан ўзи ёна бошлаган ва ундан олдин дрон ҳужуми кузатилмаган. 25 июл тонгига қадар маҳаллий ҳокимият ҳам Энгелсда дрон ҳужуми содир бўлганини расман тасдиқламаган.

Шу билан бирга, ёнғин ҳақидаги дастлабки хабарлар тарқалишидан бироз олдин Саратов вилоятида «учувчисиз аппаратлар хавфи» режими эълон қилинган.

Энгелс аэродромига аввал ҳам ҳужум қилинган

ASTRA лойиҳаси гувоҳлар томонидан олинган видео ва суратларни ўрганиб, Энгелсдаги ёнғин ҳарбий қисм ва аэродром жойлашган ҳудудда келиб чиққанини қайд этган.

Ушбу аэродром 16 июлга ўтар кечаси ҳам дронлар ҳужумига учрагани хабар қилинган эди. Ўшанда Россиянинг Ту-95МС стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолётига зарар етказилгани тасдиқланган. Россия бу турдаги самолётлардан, жумладан, Украина ҳудудига ракета зарбалари бериш учун фойдаланади.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Энгелсдаги ҳарбий аэродром бир неча бор учувчисиз учиш аппаратлари ҳужуми нишонига айланган.