Белгород

Украина дронлари 9 августга ўтар кечаси Белгород шаҳрига ҳужум қилди. Белгород области оператив штаби хабарига кўра, 29 та кўп квартирали уй, учта маъмурий бино, учта ижтимоий ва олтита тижорий объект шикастланган.

Белгороддаги шикастланган бино
Reuters / Scanpix / LETA
Белгородда ҳужум оқибатида шикастланган кийим дўкони
Reuters / Scanpix / LETA
Белгородда украинлар ҳужуми оқибатида шикастланган турар жой биноси
Reuters / Scanpix / LETA

Белгород области губернатори вазифасини бажарувчи Александр Шуваев дастлаб ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, яна 25 киши, жумладан, тўрт ва тўққиз ёшлардаги болалар жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. Болалардан бири шифохонага ётқизилган, унинг ҳолати ўртача оғирликда баҳоланган. Кейинроқ оперштаб кўп квартирали уйлардан бирининг харобаларини тозалаш чоғида эркак киши жасади чиққанини хабар қилди. Шунингдек, ўта оғир аҳволда шифохонага олиб борилган бир эркакнинг жони узилган ва жами қурбонлар сони беш нафарга етган.

Вайронгарчилик кўлами бўйича бу сафарги ҳужум 2023 йил 30 декабрдан буён энг жиддийси бўлди. Ўшанда ракета зарбалари оқибатида 25 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши яраланган, шунингдек, 30 та кўп квартирали уйлар шикастланганди.

5 август куни губернатор Шуваев Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украинанинг Россия бўйлаб зарбаларни кучайтиришидан ўз бошқарувидаги регион энг кўп жабр кўраётганини айтганди.

Харкив ва Одесса

Россия қўшини 9 август куни тонгда Харкив бўйлаб зарба йўллади. Маҳаллий расмийлар ракеталардан бири Салтовка районидаги кўп қаватли турар жой биноларидан бирига урилиб, подъездлардан бирининг еттинчидан тўққизинчи қаватигача вайрон бўлганини маълум қилган. Ушбу бинога қўшни жойлашган кўп қаватли уй ҳам зарба остида қолган. Сўнгги маълумотларга кўра, Харкив бўйлаб зарба оқибатида икки киши ҳалок бўлган ва яна 37 киши жароҳатланган.