Россиянинг Белгород вилоятида жойлашган Белгород сув омбори Украина томонидан амалга оширилган ҳужумлар ортидан сайозлашиб кетди. Бу ҳақда маҳаллий Telegram каналлари хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, июл ойида сув омбори тўғонига қилинган бир нечта зарбалардан кейин гидротехника иншоотида назоратсиз сув оқизилиши бошланган. Маҳаллий ҳокимиятлар ушбу жараённи тўхтата олмагани сабабли сув сатҳи кескин пасайган.

«Пепел Белгород» Telegram канали маълумотига кўра, сув омбори деярли Северский Донец дарёсининг тарихий ўзани даражасигача сайозлашган.

Ҳодиса жойидан тарқатилган фото ва видеолар ҳам сув омборидаги сув миқдори сезиларли даражада камайганини тасдиқламоқда. Белгородлик урбанист Владимир Титовнинг айтишича, ҳозирда сувнинг чуқурлиги турли ҳудудларда 10 сантиметрдан 40 сантиметргача бўлган кўрсаткични ташкил этмоқда.

Маълумотларга кўра, Украина июл ойида Шебекино округининг Безлюдовка ва Графовка қишлоқлари яқинида жойлашган Белгород сув омбори тўғонига икки марта зарба берган. Бу эса сувнинг жадал ва назоратсиз равишда чиқиб кетишига сабаб бўлган.

Белгород сув омбори аввал ҳам бир неча бор ракета ва дронлар ҳужумига учраган. Хусусан, 2025 йил октябр ойидаги зарбалар гидротехника иншоотларига шикаст етказиб, сув омборидан катта ҳажмда сув чиқиб кетишига олиб келган.