Ўзбекистон | 09:11 / 09.12.2022
3077
2 дақиқада ўқилади

Саудия Ўзбекистонга сайёҳлар учун махсус тарифларни ишлаб чиқади

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонининг Mahara Travel Company сайёҳлик компанияси бош директори Муҳаммад ал-Масъуд билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда саудиялик сайёҳларни мамлакатга кўпроқ жалб қилиш билан изоҳланади.

Муҳаммад ал-Масъуд Ўзбекистондаги ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораётганини, мамлакат маданият, тарих, анъана ва экзотик давлатларга қизиқувчилар учун мафтункор сайёҳлик йўналишларидан бирига айланаётганини таъкидлади.

- Саудия фуқароларига 30 кунлик муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилгани икки давлат ўртасида нафақат сайёҳлар оқими кўпайиши, балки ўзаро савдо ҳажми ошишига ҳам хизмат қилади, - деди у. -  Биз ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, икки давлат ўртасида йўлга қўйилган авиақатнов тўғрисида маълумотни оммавий ахборот воситаларида инглиз ва араб тилларида кенг ёритиш, Саудия Арабистони йирик шаҳарларида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган кўргазмаларни мунтазам ўтказиш, сайёҳлар учун махсус ва мавсумий сайёҳлик тарифларни ҳамкорликда ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Мулоқот доирасида Ўзбекистон Туризм вазирлиги мутасаддилари ҳамда маҳаллий йирик сайёҳлик агентликлари раҳбарлари билан видеомулоқот тарзида учрашув ўтказишга ҳам келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид