Жаҳон | 11:43 / 17.01.2023
8859
3 дақиқада ўқилади

Зеленский ЕХҲТ эътиборини украиналикларнинг депортациясига қаратди

Украина президенти Шимолий Македония раислигидаги ЕХҲТни уруш даврида аёллар ва болаларнинг Россияга «мажбурий депортацияси»ни, шунингдек, украиналик ҳарбий асирларни сақлаш шароитларини диққат билан кузатишга чақирди.

Фото: MFA

Украина президенти Володимир Зеленский Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини уруш даврида «Россия Федерацияси ҳудудига аёллар ва болаларни мажбуран депортация қилиш», шунингдек, «украиналик ҳарбий асирларни сақлаш шароитларига» жиддий эътибор қаратишга чақирди. Бу ҳақда 16 январь, душанба куни Украина давлати раҳбарининг интернет-ваколатхонасида маълум қилинди.

Киевга ташриф буюрган ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Шимолий Македония Республикаси ташқи ишлар вазири Буяр Осмоний билан учрашувда Зеленский Скопьени ташкилотга раислик бошлангани билан табриклади ва вазирнинг ЕХҲТ амалдаги раҳбари мақомида биринчи хорижий ташрифни Украинага амалга оширгани муҳимлигини таъкидлади. 

Президент ЕХҲТга раислик даврида Шимолий Македония тажовузкорга босим ўтказиш, биринчи навбатда, Украинанинг босиб олинган ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш учун барча имкониятлардан фойдаланишига умид билдирди.

Украина раҳбари Украина «тинчлик формуласи»ни амалга ошириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратди ва ЕХҲТни бу жараёнда иштирок этишга таклиф қилди. «Биз дунё тартиби тикланиб, минтақамизга барқарорлик қайтишини истаймиз. Мен «тинчлик формуласи»ни амалга оширишда ЕХҲТ ва Шимолий Македония иштирок этишига ишонаман», - деди Володимир Зеленский.

У Шимолий Македония ҳукумати ва халқига Киевга уруш бошланганидан бери кўрсатилган инсонпарварлик ва мудофаа ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Вашингтон аввалроқ Россиянинг «фильтрлаш» амалиётларини қоралаган эди. Кенг манбаларга кўра, 900 мингдан 1,6 миллионгача Украина фуқаролари, жумладан, минглаб болалар Россия томони ва унинг кучлари томонидан мажбуран депортация қилинган, деб маълумот берди АҚШ Давлат департаменти.

Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудлардаги оккупацион расмийлар украиналик болаларни Россияга олиб кетиш учун «тикланиш» ва «эвакуация қилиш» баҳонасидан фойдаланиши айтилган.

ЕХҲТ бош котиби Ҳелга Мария Шмид 9 январь куни Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг одам савдоси кескин ошганини айтди. Жабрланувчилар интернетдаги ёлғон ваъдаларга алданиб қолади, мезбон мамлакатлардаги шахсий турар жойларда зўравонлик қурбони бўлади ёки тўғридан тўғри чегарада одам савдогарлари томонидан ушланади, деди Шмид.

ЕХҲТ 1,3 миллиард аҳолига эга 57 давлатдан иборат. 2022 йилдан бери Россия ташкилот бюджетининг расман қабул қилинишига тўсқинлик қилмоқда.

Мавзуга оид