Жаҳон | 15:50 / 18.01.2023
13397
7 дақиқада ўқилади

Германияда янги мудофаа вазири. Энди Украинага танклар юбориш осонлашадими?

Фото: Getty Images

Тажрибали сиёсатчи, канцлер Олаф Шолцнинг партиядоши, 62 ёшли Борис Писториус Германиянинг янги мудофаа вазири этиб тайинланди. Ундан олдинги вазир, Кристина Ламбрехт бошқа кўплаб масалалар қатори Украинага ҳарбий техника етказиб бериш масаласидаги қатъиятсизлиги учун тез-тез танқид қилингач, истеъфога чиқди. Тахминларга кўра, эндиликда Писториус кўплаб иттифоқчиларнинг сўровини эшитган ҳолда Германиянинг Leopard 2 танкларини Киевга юбориш борасида аниқ қарор қабул қилиши керак.

Писториус 19 январ куни қасамёд қабул қилганидан сўнг расман ўз лавозимига киришади ва шу куни Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан учрашув ўтказади.

2021 йил декабридан бери Германия мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Кристина Ламбрехт 16 январ куни истеъфога чиқди. У ўз қадамини Украинага ёрдам бериш бўйича Германияга қилинаётган босим остида тўғри қарор қабул қила олмаслиги билан изоҳлади.

Дарҳақиқат, Ламбрехт бир неча ойдан бери Украина масаласидаги қатъиятсиз позицияси ва қуролли кучлар бошқарувидаги умумий хатолари учун фаол танқид қилиб келинаётганди.

Хусусан, унинг 2022 йил январида, Россиянинг Украинага босқини бошланишидан сал олдин, Киевга беш мингта каска жўнатгани ва буни Берлиннинг Киевни қўллаб-қувватлашига «аниқ ишора» дея айтгани, кўпчиликда норозилик уйғотганди. Бу пайтда Украинанинг Ғарбдаги бошқа иттифоқчилари, жумладан, Буюк Британия ва АҚШ Киевга учувчи қуроллар, хусусан, танкка қарши ракета тизимларини юбораётган эди. Бундан ташқари, Лембрехт мудофаа вазири этиб тайинланганидан кейинги биринчи интервьюсида ҳарбий унвонлар тизимини билмаслигини тан олганди.

Бироқ, Ламбрехт учун сўнгги томчи унинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирган янги йил видеоси бўлди. Ушбу видеода Лембрехт Берлиндаги мушакбозликлар фонида туриб, уруш у учун «кўплаб махсус таассуротлар» ва «жуда қизиқарли, ўзига хос одамлар билан кўпдан кўп учрашувлар» тақдим этганини айтади. Кўпчилик Украинадаги урушга нисбатан бундай ёндашувни мутлақ ноўрин деб ҳисоблади.

Матбуот, шунингдек, Ламбрехтнинг Германия қуролли кучларининг техник таъминотини яхшилай олмаганини ҳам эслади. Бу сўнгги йилларда мамлакатнинг ўзида ҳам, НАТО иттифоқчилари орасида ҳам жуда кўп танқидларга сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, сўнгги кунларда Ламбрехтга нисбатан босим ҳам кучайди, чунки иттифоқчилар Германиянинг Leopard 2 танкларини Киевга етказиб бериш учун Берлиннинг розилигини кутмоқда. Европанинг бир қатор давлатлари, жумладан Полша ва Финландия Украинага ушбу танкларни беришга тайёрлигини билдирган, бироқ Берлин ҳозиргача бунга рухсат беришдан бош тортиб келмоқда. Канада ҳам «танк иттифоқи»га қўшилиши мумкинлигини истисно этмаяпти, бироқ немис ҳукуматининг рухсатисиз бундай қадамни кўриб чиқмоқчи эмас.

Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шолц унинг ҳукумати бир ўзи Украинани оғир техника билан таъминлашни истамаслиги ва бу қарор АҚШ билан биргаликда қабул қилиниши кераклигини айтганди. Бироқ, жорий йил бошида Буюк Британия ўзининг Chellenger 2 асосий жанговар танкларини Украина қуролли кучларига етказиб беришини эълон қилди ва бу билан очиқчасига Германия ва АҚШни ундан ўрнак олишга чақирди.

Бунгача Берлин Украинага Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар гаубицалари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юборганди. Январ ойида Германия Киевга Marder пиёдалар жанговар машиналарини (ПЖМ) етказиб бериш режасини эълон қилди. Худди шундай қадамни (Украинага бронетранспортёрларни етказиб бериш) АҚШ ва Франция ҳам амалга оширди.

Борис Писториус ҳақида нималар маълум?

Писториус 2013 йилдан бери Қуйи Саксониянинг ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келади ва бу вақт ичида у ички хавфсизлик соҳасини яхши билган сиёсатчи сифатида шуҳрат қозонди.

Ғарб ва Киев Берлиндан жанг майдонида урушнинг боришига таъсир кўрсата олувчи бу танклар Украинага берилишини маъқуллашини кутмоқда
Фото: SEAN GALLUP

Борис Олаф Шолц каби Германия социал-демократик партиясининг сўл қаноти вакили. 2019 йилда улар партия раҳбари лавозими учун курашган бўлса ҳам (иккаласи ҳам ютқазган), умумий сиёсий кун тартибида улар иттифоқчилардир.

2016 йилда Писториус Кремль билан яқин алоқалари орқали танилган Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдернинг собиқ рафиқаси Дорис Шрёдер-Копф билан яқин алоқаларга эгалиги хабар қилинганди. Бироқ, ўшандан кейин улар ажрашган.

Баъзи таҳлилчилар Писториуснинг канцлерга таъсири мавжуд, дея ҳисоблайди. Гарчи расмий равишда Шолц якуний сўзни айтса-да, айнан Борис Украинага танклар етказиб бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда асосий ролни ўйнайди.

«Мен мамлакатимизнинг таниқли сиёсатчиси Борис Писториус мудофаа вазири лавозимини эгаллашидан жуда мамнунман. У кўп йиллардан буён хавфсизлик масалалари билан шуғулланган, маъмурий тажрибага эга, ниҳоятда тажрибали сиёсатчи. У ўзининг малакаси, қатъиятлилиги ва катта юраги билан Бундесверни ҳозирги ўзгаришлар даврида бошқариши керак бўлган одамнинг худди ўзидир», дейилади Германия канцлери баёнотида.

Писториус ёшлигида, ҳуқуқшунослик факултетига ўқишга киришдан олдин Бундесверда хизмат қилган ва экспертлар фикрича, у ҳарбий ишларни яхши билади.

Германия ҳарбий раҳбариятидаги ўзгариш, иттифоқчиларнинг Германиядаги АҚШ авиабазасида ўтказилувчи «Рамштейн» форматидаги навбатдаги учрашувидан бир неча кун олдин содир бўлди. Ушбу учрашув 20 январ куни бўлиб ўтади.

Ушбу формат Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун ташкил қилинган бўлиб, унга ўнлаб давлатлар — асосан НАТО ва Европа Иттифоқи мамлакатлари аъзо.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин навбатдаги йиғилишда иштирок этиш учун 19 январ куни Германияга келади. Писториус у билан биринчи бўлиб учрашади.

Айнан шу учрашувда Украинага Ғарб танкларини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери