Сўнгги 50 йилда бутун дунёда туғилишлар сони кескин камайди. 1952 йилда дунё бўйича оилаларда ўртача 5 нафар бола бўлган бўлса, ҳозир 3 нафардан кўп эмас. Бу эса ривожланган давлатлар аҳолиси сони ўсишига ҳам таъсир қилмоқда.
Аҳоли ўсишини ўрганишда 2 та асосий тушунча алоҳида таҳлил қилинади:
- Туғилишлар сони — ҳар минг кишига нисбатан бир йилда қанча одам туғилиши;
- Туғишлар сони — ҳар минг нафар туғиш ёшдаги аёллар сонига нисбатан йилига қанча фарзанд туғилиши.
Айнан мана шу иккинчи кўрсаткич 2,1 нисбатда бўлса, яъни ҳар минг аёлга йилига 2,1 нафар бола туғилиши тўғри келса аҳолининг ўсиши мувозанатда бўлади. Бироқ бу кўрсаткич глобал миқёсда йилдан йилга пасайиб бормоқда.
1952 йилда бир оила ўртача 5 фарзандли бўлган, 2020 йилга келиб эса бир оилага 2,4 нафар фарзанд тўғри келяпти.
Нега аёллар камроқ фарзандли бўляпти?
Weforum нашри таҳлилига кўра, бунинг 3 та асосий сабаби бор:
- Аёлларнинг таълим ва меҳнат бозорида кучайиши, ўрин топиши;
- Болалар ўлимининг камайиши;
- Фарзанд ўстириш харажатларининг ортиши.
Кўпроқ таълим — камроқ фарзанд
Олиб борилган тадқиқотларга кўра, аёлларнинг кўпроқ таълим олиши уларнинг камроқ фарзандли бўлишларига сабаб бўлади. Масалан, Эронда 1950-йилларда аёллар ўртача 3 йиллик таълим кўришган ва 7 нафар фарзанд ўстиришган. Бироқ 2010 йилга келиб Эронда аёллар ўртача 9 йиллик таълим билан қамраб олинган ва уларга йилига ўртача 1,8 нафардан фарзанд тўғри келган.
Бу фаразни янаям яхшироқ далиллаш учун хотин-қизлар таълими орқароқда бўлган давлатларни ўрганиб кўриш мумкин. 2010 йилда Нигерияда аёлларнинг ўртача таълим билан қамрови 1,3 йил бўлиб, ўртача 7 нафардан фарзандли бўлишган. Бу ўша пайтдаги ўртача халқаро кўрсаткичдан 2 баравар юқори эди.
Бундан ташқари, аёлларнинг меҳнат бозорида яхши ўринларни эгаллай бошлагани ҳам уларнинг кўп болали бўлишга рағбатини сусайтирган бўлиши мумкин















