1961 йил декабрнинг сўнгги кунларида МРБ (Марказий разведка бошқармаси)нинг Хелсинкидаги жосуси Фрэнк Фрайберг яшаётган уйда телефон жиринглайди. Жосус телефонни кўтарганида, «КГБ майори Анатолий Голицин сизни безовта қиляпти», деган овозни эшитади.

Инглиз тилини бузиб гапираётган бу овоз СССРнинг Финландиядаги элчихонаси ходими Иван Климовнинг овози эди. Гўшакдан «Ажабланманг, Анатолий Голицин менинг ҳақиқий исм-шарифим. Мен оилам билан АҚШдан сиёсий бошпана сўрамоқчиман» деган гапларни эшитиб, Фрайберг лол қолади.

Ўшанда Голицин Фрайбергга америкаликлар уни ва оиласини Хелсинкидан икки соатда олиб чиқиб кетишлари лозимлигини, акс ҳолда қўлга тушиб қолиши мумкинлигини айтади.

Зудлик билан махсус операция ўтказилади ва Голицин, хотини ва қизи аввал Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳрига ўтказилади. Сўнг Германия орқали АҚШга жўнатиб юборилади. КГБ майори Голициннинг АҚШга қочиб кетиши шу тарзда рўй берган эди.

1953 йил 5 март куни СССРни 31 йил (1922-1953 йиллар) бошқарган қонхўр Сталин вафот этгач мамлакатда кўп нарса ўзгариб кетади. Ўша йили унинг энг ишонган одами, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган НКВД бошлиғи Лаврентий Берия ҳам қўлга олинади ва суд қилиниб, отувга ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Сталин даврида қатағон қилинганлар, жазоланганларнинг ишлари қайта кўрилиб, тирик қолганлар қамоқхоналардан озод қилинади.

Ўша пайтда Сталин тузумининг ёвуз ишлари жуда кўпчиликка акс таъсир қилади ва улар коммунистик тузумдан нафратлана бошлашади. Бундай инсонлар сафида КГБ ходимлари ҳам бўлган ва Анатолий Голицин улардан бири эди.

Бу инсон 1961 йилда АҚШга қочиб кетади ва КГБнинг жуда кўп махфий маълумотларини ошкор қилади. Оқибатда совет махфий хизматининг хориждаги жуда кўплаб жосуслари ошкор бўлади. КГБ уларнинг бир қисмини яширишга муваффақ бўлади, қолганлар қўлга тушади.

Кейинчалик МБРнинг жосуслик тармоғини бошқарган Жеймс Энглтон Голициннинг АҚШга қочиб ўтиши ҳақида «У Ғарбга қочиб ўтган энг қимматли жосус эди», деб таъриф берганди.

Анатолий Голициннинг ёшлиги ва КГБга хизматга ўтиши

Анатолий Голицин 1926 йилда Украинадаги Пирятин шаҳарчасида туғилади. У мактабни битиргач Москвадаги ҳарбий мактабда таҳсил олади. Уруш тугагач 1945 йилда Голицин ташқи разведка мактабида ўқийди ва ўша пайтда НКВД таркибида бўлган КГБга ишга олинади.

1953 йил Берия отувга ҳукм қилингач НКВД ва КГБнинг жуда кўп ходимлари Сталин қатағонларидаги иштироки учун жазоланади. Ўша пайтда Голицин кичик ходим бўлгани учун жазодан қутулиб қолади.