28 август куни Тошкентдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

“Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз. 35 йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбайи бўлиб қолишини таъкидлади.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.