27 январ куни Швеция мудофаа вазири Пол Йонсон расмий ташриф билан Туркияга бориши кутилганди. Аммо ташриф Анқара томонидан бекор қилинган. Бу ҳақда Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар маълум қилган.
Германиядаги «Рамштейн» авиабазасида ўтказилган «Украина мудофааси бўйича мулоқот гуруҳи» йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўзга чиққан Ҳулуси Акарнинг айтишича, Швецияда террорчи гуруҳларнинг Туркияга қарши ҳаракатлари давом этмоқда. Бундан ташқари, Туркия мудофаа вазири мамлакатнинг Швециядаги элчихонаси олдида ислом оламининг муқаддас китоби Қуръонни ёқиш билан боғлиқ провокацияга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган.
Туркия мудофаа вазирининг айтишича, бунга ўхшаш ҳаракатлар фонида Швеция мудофаа вазирининг Анқарага ташрифи мантиқсизликдир. «Стокҳолмдан амалий ҳаракатлар кутиб қоламиз», деган Акар.
Туркиянинг Украинадаги уруш бўйича позицияси ҳақида гапирар экан, Ҳулуси Акар Анқара босиб олинган ҳудудларни тан олмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини айтган. Унинг сўзларига кўра, Туркия уруш бошланганидан буён тинчлик учун ҳаракат қилиб келмоқда ва айнан Туркиянинг ташаббуси билан вазият бироз стабиллашиб, асирлар алмашинуви каби ҳаракатлар амалга оширилган. Акарнинг фикрича, Туркия президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Украина ва Россия етакчилари билан доимий мулоқотда бўлиб тургани муаммога ечиб топишни енгиллаштирадиган омилдир.
Швецияда нималар бўлмоқда?
Россиянинг Украинага босқинидан кейин ўз ҳудудий яхлитлигига жиддий таҳдид сезган Финландия ва Швеция НАТОга киришга ариза берди. Буни Америка ва иттифоқчилари фаол қўллаб-қувватлаган бўлса-да, икки скандинав давлатлари билан таранг муносабатда бўлган Туркия бунга рози бўлмай, шарт қўя бошлаганди.
Туркия ҳар икки давлатга топшириши керак бўлган курдлар рўйхатини топширди ва улар берилсагина Туркия Швеция ҳамда Финландиянинг альянсга қўшилишини қўллашини маълум қилди. Туркия рўйхатдагилар террорчи эканини иддао қилади.
Бунга норозилик ўлароқ турли хил ҳаракатлар ўтказилди. Масалан, Даниядаги «Кескин курс» радикал ҳаракати етакчиси Расмус Палудан ислом оламининг муқаддас китоби Қуръони каримни одамлар олдида оммавий ёқиб юборди. Бу шахс аввал ҳам мусулмон муҳожирлар яшайдиган ҳудудларда Қуръон китобини ёққан.
Мусулмонларни таҳқирлаш акцияларида кўп марта ташкилотчилик қилган Палуданнинг ўзи эса хавфсизлиги таъминланмаслигидан қўрқиб Швецияга бормоқчи эмаслигини айтганди. Швеция давлат телеканали бўлмиш SVT журналисти Чанг Фрик бундай намойиш учун рухсат олгани, даниялик радикал хавфсизлигини таъминлаш учун ўз ҳисобидан пул тўлашга тайёрлигини айтди.







