Туркиянинг Ўрта Ер денгизидаги қўшнилари – Юнонистон, Кипр ва Исроил ўртасидаги иттифоқ Анқарани хавотирга солиши табиий. 2025 йил декабрида уч давлат ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган. Греция Исроилнинг PULS ракета тизимларини Туркия қирғоқлари яқинига жойлаштириши айтиляпти. Бунга жавобан Туркия Саудия Арабистони ва Покистон билан мудофаа алянсини тузди.
Профессор Фарҳод Каримов Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида мавзуни хариталар узра шарҳлаб берди.
— Греция–Кипр–Исроил учлиги харитада қандай учбурчак ҳосил қилади ва унинг марказида Кипрнинг жойлашуви нима учун стратегик аҳамиятга эга?
— Исроил, Кипр ва Грециянинг Туркия билан ҳал қилинмаган масалалари ва зиддиятлари мавжуд. Улар хавфсизлик, ҳудудий даъволар ва денгиз йўллари билан боғлиқ. Кипр учун эса бу, аввало, мустақиллик ва оролнинг яхлитлиги масаласидир. Бу уч давлатнинг ҳар бири ўзига хос стратегик аҳамиятга эга. Бугун улар орасидаги ҳамкорликни кучайтираётган асосий омиллардан бири эса Туркия билан тобора кучайиб бораётган рақобатдир. Айниқса, Исроил ва Туркия ўртасидаги қарама-қаршилик сўнгги даврда сезиларли даражада кучайди.
Харитага эътибор қаратсак, Исроилнинг стратегик чуқурлиги Туркияга нисбатан жуда кичик. Исроил денгизга чиқиш имкониятига эга бўлса-да, Ўрта Ер денгизида Туркияни мустақил равишда чеклаш ёки унга босим ўтказиш имкониятлари чекланган. Шу сабабли Исроилга минтақадаги ҳамкорлар керак. Бу борада Туркия билан узоқ йиллардан бери рақобат қилиб келаётган Греция ва Кипр алоҳида аҳамият касб этади.
Айнан шу уч давлатни умумий стратегик манфаатлар бирлаштирмоқда. 2025 йил декабр ойида улар Никосияда 2026 йил учун ҳарбий ҳамкорлик ва қўшма ҳаракатлар бўйича бир йиллик йўл харитасини тасдиқлади.
Туркиянинг географик жиҳатдан қулай жойлашуви унинг стратегик мавқейини белгилайди. Лекин Қора денгиздан Ўрта Ер денгизига чиқадиган асосий денгиз йўли Босфор ва Дарданел бўғозлари орқали ўтиб, Эгей денгизига чиқади, Эгей денгизидаги аксарият ороллар эса Юнонистонга тегишли.
Эгей денгизида 2 200 дан ортиқ катта-кичик ороллар мавжуд. Уларнинг 200 дан ортиғида аҳоли истиқомат қилади. Оролларнинг катта қисми Грецияга тегишли экани денгиз ҳудудлари масаласини мураккаблаштиради. Бу ерда халқаро денгиз ҳуқуқи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Амалдаги тартибга кўра, қирғоқбўйи давлатларининг ҳудудий сувлари 12 денгиз милигача чўзилиши мумкин. Бу тахминан 22 километрга тенг.
Грециянинг Эгей денгизидаги кўплаб ороллари бундай ҳудудий сувлар билан ўралгани сабабли, денгиздаги чегаралар ва навигация масаласи Туркия билан узоқ йиллик баҳсларнинг асосий мавзуларидан бирига айланган. Энди бу стратегик рақобатга Кипр ва Исроил ҳам фаолроқ қўшилмоқда. Уларни умумий манфаат – Туркиянинг минтақадаги таъсирини жиловлаш ва Ўрта Ер денгизида хавфсизлик тизимини ўз манфаатларига мос тарзда шакллантириш истаги бирлаштирмоқда.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.








