Тошкент вилояти ҳудудида аҳолининг мол ва қўйларини ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
«Юқори Чирчиқ тумани, Файзобод маҳалласида яшовчи фуқаронинг ҳовлисидан 5 бош қўй номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганди. Орадан 4 кун ўтиб, ушбу маҳалланинг Қайтмас кўчасида яшовчи яна бир фуқаро хонадонидан ҳам 4 бош қўй ва 2 бош бузоқ ўғирланди. Ҳудудда ўтказилган тезкор суриштирув тадбирлари давомида ушбу жиноятларни 20-25 ёшлар орасидаги 6 нафар шахс содир этгани аниқланиб, процессуал тартибда ушланди», дейилади хабарда.
Дастлабки тергов жараёнида, биринчи ҳолат бўйича фуқарога етказилган 15 млн сўм моддий зарар ундириб берилган. Иккинчи ҳолатда ўғирланган 4 бош қўй ва 2 бош бузоқ жабрланувчига қайтарилган.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси, 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.












