Президентнинг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ–241-сон фармони билан республикада криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга қаратилган рақамли назорат, таҳлил ва прогнозлаш тизимини жорий этиш белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, «Ягона криминоген маълумотлар платформаси» ишлаб чиқилади.
Платформа орқали жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, уларни бартараф этишга масъул идоралар, мансабдор шахслар ҳамда кўриладиган чоралар тўғрисида электрон реестр юритилади.
Шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижалари инсон омилисиз ойлик, ярим йиллик ва йиллик тартибда назорат қилинади.
Янги тизим ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикасини ярим йиллик ҳамда йиллик муддатларга прогноз қилиш имконини беради.
Прогноз натижалари асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар акс эттирилган хабарномалар юборилади.
Фармонга кўра, платформа 2027 йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида синов тариқасида ишга туширилади. 2028 йилдан бошлаб эса уни республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, ҳар йили аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўровлар ўтказилади. Ушбу тадқиқотлар жиноят қурбонига айланиш хавфи ва бу борадаги ҳолатларни ўрганишга қаратилган.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончини аниқлаш мақсадида ижтимоий сўровлар ташкил этилади.
Ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, илгари судланган ва пробация ҳисобидаги шахслар, шунингдек, криминоген вазияти оғир бўлган «қизил» тоифадаги маҳаллалар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар ўтказиш ҳам назарда тутилган.
Янги тизим жиноятчилик сабабларини аниқлаш, хавф даражаси юқори ҳудудларни белгилаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини самарали режалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.








